Тадбиркорларга савоб амаллар ярашади

10:03 17 Март 2026 Жамият
106 0

«Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай», дея ёзганларида ҳазрат Навоий минг карра ҳақ. Дунёда эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож, ногирон кишиларга хайру саховат кўрсатиш, улар оғирини енгил қилишнинг савобини ўлчай оладиган тарози йўқдир.

Рамазон айёми ҳамда Наврўз байрами арафасида Бухоро туманида ана шундай савоб ишлардан бири амалга оширилди. Шу кунга қадар ижарама-ижара юрган, боқувчисини йўқотган, норасида фарзандлари билан қийналиб яшаётган, тунларни «Менинг ҳам ўз бошпанам бўлармикан?» деган ўйлар билан ўтказган бешта оилага янги уй калити топширилди. Бу хайрли, унутилмас амал ташаббускори «Жаннат ишқида» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Феруз Тўраев бошчилигидаги саховатпеша тадбиркорлар бўлди. Боғидашт маҳалласида ташландиқ ётган ер ўрнида қад ростлаган қўш қаватли мўъжаз уйда умргузаронлик қилиш учун барча қулайликлар яратилган.Турар-жойда нафақат яшаш, балки меҳнат қилиб, рўзғорни бутлаш имконияти ҳам мавжуд. Гап шундаки, уй ертўласида қадоқлаш цехи жойлашган. Бошқача айтганда, аёлларбоп иш ўринлари ҳозирланган.

Уй-жойни эгаларига топширишга бағишланган маросимда халқимизга хос эзгу фазилатлар давомчилари ҳамда бошпанали бўлган оилалар шаънига илиқ сўзлар айтилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер