Табиатга ошно қалблар

09:13 21 Май 2022 Жамият
790 0

Май ойи келиши билан мактабимиз ўқувчилари бир танловни интиқ бўлиб кутишади. Боиси мазкур танловни бир йиллик сарҳисоб, дейиш ҳам мумкин.

Гап шундаки, ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Табиатга ошно қалблар» танловига алоҳида тараддуд кўрилади. Худди шундай жорий йилда ҳам ушбу тадбирни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида пухта тайёргарлик кўрилди.

Биламизки, мактаб ўқувчилари ҳар сафар «Бу йилги танловда ўтган йиллардагига қараганда қандай янгилик бўлади, деб кутишади. Бу эса менга алоҳида масъулият юклайди.

Бу гал мактабимиз ўқувчиларининг она табиатга, ён-теварагимизга бўлган меҳрини янада кучайтириш мақсадида танловнинг асосий шарти қилиб, иштирокчиларга табиатнинг маълум бир қисмини қўл меҳнати билан ясашни тавсия қилдим. Ғолибларни эса ўз ҳисобимдан рағбатлантиришни ваъда қилдим.

Натижа ёмон бўлмади. Танлов учун жуда кўп чиройли ва бежирим қўл меҳнати намуналари тўпландики, очиғи, буни кутмагандим.

Бу ҳали ҳаммаси эмас, албатта. Танловдан қизиқарли савол-жавоблардан иборат «Заковат» турнири, қизиқарли шартлар, ўқувчилар томонидан тайёрланган табиат мавзусидаги саҳна томошалари ҳам ўрин олди.

Ғолиб жомаларни ҳам пул мукофотлари билан рағбатлантирдим. Ўқувчи-ёшларнинг қизиқиши, танлов шартларида ғолиб бўлиш учун астойдил курашганини кўриб, ич-ичимдан фахрландим.

Танлов якуни билан кейинги йил ҳам ушбу тадбирни қандай ўтказиш, ўқувчиларни янада кенгроқ жалб қилиш, янги ва бир-биридан қизиқарли, асосийси, ёшлар маънавияти ҳамда билимини янада юксалтиришга хизмат қиладиган шартларни киритиш ҳақида ўйладим. Айни пайтда ушбу режаларни тузиб, бойитишга киришдим.

Зеро, ёшларни турли танлов ва маънавий-маърифий тадбирларда кенгроқ қамраб олиш орқали уларнинг жамиятдаги фаоллигини янада ошириш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳар бир таълим муассасаси ходимининг, ўқитувчиларнинг асосий вазифаларидан бири, десам, муболаға бўлмайди.

Интизор ҚУРБОНОВА,

Сергели туманидаги 269-умумтаълим мактабининг биология фани ўқитувчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер