Сувни асраб, табиатни яшнатиб

19:39 23 Январь 2026 Жамият
268 0

Такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси бўйича ўтказилган матбуот анжуманинг бу галгиси худди шу мавзуда ўтди. Хўш, янгиланаётган стратегияда қандай келажак кўзланмоқда? Шу каби саволларга тадбирда масъуллар атрофлича жавоб беришди.

Бугун дунё шиддат билан ўзгаряпти, табиат эса инсондан эътибор ҳамда эҳтиёткорлик талаб қиляпти. Айниқса, сув ва атроф-муҳит масаласи ҳар биримиз учун кун тартибимиздаги энг долзарб мавзулардан бирига айланди. Шу маънода “Тараққиёт стратегияси” марказида бўлиб ўтган, такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасининг “Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш” йўналишига бағишланган матбуот анжумани катта аҳамият касб этди.

Матбуот анжуманида экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистлар иштирок этди. Тадбирда Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Шухрат Суюнов, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси вакили Ақлбек Нормирзаев, Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги вакили Хожимурод Толипов, шунингдек, “Тараққиёт стратегияси” маркази масъул ходимлари иштирок этиб, долзарб масалалар юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Анжуманда сўзга чиққан “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Бунёд Тиллахўжаев стратегиянинг учинчи устувор йўналиши — “Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш” бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгиланаётганини алоҳида қайд этди. Унга кўра, 2030 йилгача сув ва экологик масалаларда қандай чора-тадбирлар амалга оширилиши, қайси натижаларга эришиш лозимлиги индикаторлар асосида белгилаб олинмоқда, дея қўшимча қилди модератор.

Сув хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шухрат Суюнов ўз чиқишида сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган вазифаларга алоҳида тўхталди. Маълум қилинишича, ҳозирда мамлакатимизда суғориладиган экин майдонлари 4,3 миллион гектарни ташкил этади. 2025 йил охирига келиб 2,6 миллион гектар, яъни суғориладиган ерларнинг 60 фоизи сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган. Янгиланаётган стратегияда эса 2030 йилгача қишлоқ хўжалиги экин майдонларини 100 фоиз сув тежовчи технологиялар билан таъминлаш мақсади қўйилган.

Таъкидланганидек, стратегиянинг янги лойиҳасида ҳар бир мақсаднинг самарадорлик кўрсаткичлари йиллар кесимида аниқ белгиланган. Молиявий манбалар ва масъул идоралар аниқ кўрсатилгани бу ҳужжатни қоғозда қолиб кетмайдиган, амалда ишлайдиган ишончли дастурга айлантиради.

Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш агентлиги вакили Толипов Хожимурод мамлакатни яшиллаштириш, чўлланишга қарши курашиш ишлари ҳақида тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, 2020–2025 йилларда 13 207 гектар иҳотазорлар барпо этилган бўлса, келгуси беш йилда яна 16 000 гектар иҳотазорлар ташкил этилади. Шу тариқа, 2020–2030 йиллар давомида жами 29 207 гектар иҳотазорлар барпо этилади.

Матбуот анжумани якунида масъуллар журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди. Умуман олганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси табиатга эҳтиёткорона муносабат, сувни тежаш ва яшил келажак сари ишончли қадам қўйишни кўзлаётган, ҳаётга яқин ва халқ манфаатларига хизмат қиладиган муҳим дастур экани яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ,

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер