Сурхондарёда “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла”лар барпо этилмоқда

12:14 24 Октябр 2025 Жамият
130 0

Юртимизда маҳаллаларни обод қилишга қаратилган “Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастури доирасида Сурхондарё вилоятининг шаҳар ва туманларидан 30 та маҳалла “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги ҳудуд” сифатида танлаб олинди.

Ўтган ҳафта вилоят ҳокими ушбу маҳаллаларда дастурни жорий этиш бўйича тайёрланган тақдимотлар билан танишиб, масъуллар олдига аниқ вазифаларни белгилаб берган эди. Ҳозирги кунда Қумқўрғон туманидаги Янгиер, Шеробод туманидаги Деҳқонариқ ва Термиз туманидаги Қаҳрамон маҳаллаларида амалий ишлар жадал суръатда бошланди.

Хусусан, Термиз туманида “Янги Ўзбекистон қиёфаси” лойиҳаси доирасида 2 та — Қўнғирот ва Қаҳрамон маҳаллалари танлаб олинган. Қаҳрамон маҳалласида кенг кўламли ободонлаштириш ва инфратузилмавий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Маҳаллани замонавий қиёфадаги ҳудудга айлантириш мақсадида 5,4 километр йўл таъмирланади, 1 километр ичимлик суви қувури янгиланади, 2 та замонавий трансформатор пункти ўрнатилади. Шунингдек, электр таъминотини яхшилаш учун 50 та янги бетон устун ўрнатиш режалаштирилган.

Энг муҳими, лойиҳа доирасида 15 та янги тадбиркорлик ташаббуслари амалга оширилиб, 54 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Бу эса Қаҳрамон маҳалласида ишсизликни кескин камайтириш ва аҳолининг турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.

— “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” ғояси фақат йўл ёки инфратузилма янгиланиши билан чекланиб қолмайди, — дейди “Қаҳрамон” МФЙ раиси Ҳумойиддин Ҳалилов. — Ушбу дастур доирасида маҳалламиз инфратузилмасини яхшилаш учун 5 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. Энди ҳудудимизда тадбиркорлик ривожланади, таълим ва ижтимоий соҳа фаолият юритиши учун шароит яратилади, аҳоли учун қулай муҳит вужудга келади. Бу, аввало, одамлар онгидаги янгиланиш, фуқароларнинг ўз маҳалласи тақдирига масъулият билан ёндашиш маданиятини шакллантиришга ҳам қаратилган дастурдир.

Сурхондарёда бошланган бу саъй-ҳаракатлар “Янги Ўзбекистон” ғоясининг амалдаги ифодаси бўлиб, ҳар бир маҳалла ўзининг салоҳияти, ташаббускорлиги ва бирдамлиги билан тараққиёт йўлига қадам қўймоқда.

Термиз, Шеробод, Қумқўрғон ва бошқа туманларда бундай лойиҳалар аҳолининг ишончини ошириб, ҳаёт сифатини янада яхшилашга хизмат қилади. Зеро, обод маҳалла — фаровон ҳаёт, фаровон ҳаёт эса — Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий қиёфаси.

Фарҳод ЭСОНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?