Сурхон воҳаси жадал ривожланаётган ҳудудга айланмоқда

15:56 01 Август 2024 Жамият
284 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарё вилояти Ангор туманида Маҳбуба Давлатова нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи хусусий корхонасини очиб, 20 та иш ўрни яратди. Илгари «Аёллар дафтари»га киритилган бу аёл бугун иш берувчига айланди.

— Тадбиркорликка иштиёқим бўлсада, имкониятим йўқ эди, — дейди М. Давлатова. — Дастлаб маҳалламиз фаоллари кўмаги билан уй шароитида ўзим турли пишириқлар тайёрлаб сотдим. Кейин бўш турган бинони олиб, имтиёзли кредит эвазига зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозладим. Ҳаракатларим зое кетмади, ишим юришди. Бугунги кунда 39 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаряпмиз. 20 нафар хотин-қизнинг доимий бандлиги таъминланган. Улар 2 миллион сўмдан ортиқ маош олмоқда. Цехимизда маҳалла хотин-қизлар фаолининг ташаббуси билан қандолатчилик бўйича ўқув курсини ҳам ташкил қилганмиз. Қизиқувчи аёллар у ерда пазандалик сирларини ўрганади. Келгусида тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириб, маҳсулот турлари ва иш ўринларини ҳам кўпайтиришни режалаштирганмиз.

Оддий бир қишлоқ аёлига бундай шижоат, ғайрат, таъбир жоиз бўлса, омад қаердан келган деб ўйлайсиз. Илгари ўзи ёрдамга муҳтож бўлган бу аёл қандай қилиб бугун иш берувчига, тадбиркорга айланди? Буларнинг бари давлатимиз раҳбарининг халқпарвар сиёсати, ислоҳотларимиз тўғри танланган стратегиядан бораётгани ва албатта, инсон қадри олий мезон бўлган янги ҳаёт, янги жамият қуриш йўлида жипслашганимиз самарасидир.

Биз ўтган саккиз йил мобайнида иқтисодиётда имкониятларни ишга солиш орқали оламшумул марраларга эришаётганимиз амалда кўринмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 17 июль куни ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича биринчи ярим йиллик таҳлили ҳамда йил якунига қадар устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қайд этилган далиллар буни яна бир карра тасдиқлайди.

Таҳлиллар кўрсатишича, 2024 йилнинг биринчи олти ойида ялпи ички маҳсулот 6,4 фоизга кўпайган, саноат — 7,8 фоизга, қурилиш — 10,1 фоизга, хизматлар — 12,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги — 3,8 фоизга ўсган. Бюджет даромадлари ҳам 113 триллион сўмга етиб, 14 фоизга ошган.

Йил бошидан буён 3,5 миллиард долларлик 3 мингта лойиҳа ишга тушиб, 76 мингта юқори даромадли доимий иш ўрни яратилган, тадбиркорлик учун 82 триллион сўм кредит ва 15,5 триллион сўм субсидия берилиб, 600 минг аҳоли бизнесга жалб қилинган. Бу кўрсаткичлар юртдошларимизнинг фаровонлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилган ишларнинг рақамларда акс этган айрим кўринишлари холос. Ваҳоланки, илгари бундай рақамлар амалиётда кузатилмаган.

Ушбу натижаларга эришишда Сурхондарё вилоятининг ҳам ҳиссаси бор, албатта. Сўнгги йилларда Сурхон воҳаси жадал ривожланаётган ҳудудга айланмоқда. Охирги етти йилда катта ўзгаришлар бўлди. Йўл, сув, ер, уй-жой, таълим ва тиббиёт инфратузилмаси яхшиланди.

Вилоят статистика бошқармаси маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми жорий нархларда 21 381,9 млрд. сўмни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даври билан таққосланганда 5,4 фоизга ўсганини кўриш мумкин. Ялпи ҳудудий маҳсулот дефлятор индекси 2023 йилнинг январь — июнь ойлари нархларига нисбатан 109,0 фоизни ташкил қилди. Эътиборлиси, республика бўйича ЯИМнинг шаклланишида Сурхондарё вилоятининг қўшган ҳиссаси 3,8 фоизга етди.

Вилоятнинг ташқи савдо айланмаси ҳам йилдан йилга ўсиб бормоқда. Хусусан, МДҲ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 2024 йил январь — июнь ҳолатига кўра, 64 755,5 минг долларни ташкил этди. Шундан экспорт 54 471,6 минг долларга етган бўлса, импорт 10 283,9 минг доллар қийматида қайд этилди.

Илгари фақат аграр ҳудуд сифатида қаралган вилоят бугунги кунда саноатлашмоқда. Ҳар йили янги корхоналар ташкил этилаётир. Одамларда ишбилармонлик кайфияти ортаётганини 2024 йил 1 июль ҳолатига кўра, ҳудудда фермер ва деҳқон хўжаликларидан ташқари 23 минг 479 та корхона фаолият кўрсатаётганидан ҳам билса бўлади.

— Президентимиз видеоселектор йиғилишида янги ташаббус ва ғоялар асосида қўшимча чораларни белгилаб берди, — дейди Сурхондарё вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шерзод Ражабов. — Ушбу ислоҳотлар замирида «инсон — жамият — давлат» тамойили асосидаги ишларни қатъий давом эттириш ётади. Масалан, энди туман ҳокими, банк раҳбари ва маҳалла раиси бир бўлиб ишлаш бўйича уч томонлама шартнома тузади. Жорий йил 1 декабргача «Сайхунобод тажрибаси» асосида хонадонлар учун молиявий пакет қилиб берилади. Бу орқали 495 минг аҳолининг бандлиги таъминланади. Иккинчи ярим йилликда «Оилавий тадбиркорлик» дастури қамрови 1,5 баробар оширилиб, 4 триллион сўм ажратилади. Умуман олганда, йиғилишда давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар бекаму кўст бажарилиши бўйича вилоятимизда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Шу ўринда «Сайхунобод тажрибаси» амалиётда ўзини оқлаганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Сир эмас, илгари кўп хонадонларда томорқани тўлдириб беда экиларди. «Сайхунобод тажрибаси» асосидаги тарғибот, қўллаб-қувватлаш самарасида бугун одамларнинг ерга бўлган муносабати ўзгарди. Масалан, ҳозир 20 сотихли томорқада боғдорчилик, узумчилик, унинг атрофида асаларичилик, яна бир қисмида иссиқхона ташкил этган оилалар жуда кўп. Жорий йилдан бошлаб гаровсиз кредитларни олиш миқдори 100 миллион сўмга оширилди, аҳолини тадбиркорлик кўникмаларига ўргатиш мақсадида махсус ўқишлар ташкил этилди. Жорий йилнинг ўтган олти ойида ҳудудимизда 2 минг 720 та янги корхона ташкил этилди.

Мухтасар айтганда, муносиб турмуш тарзини ўз ҳаётида кўраётган халқимизнинг бугун кўнгли тўқ, эртанги кунга ишончи янада мустаҳкам. Энг муҳими, буларнинг бари осон кечмаётганини ҳам ҳис қилиб турибди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?