Соядаги яширин даромад
Жаҳон иқтисодиётида туризм энг тез ривожланаётган тармоқлардан бири ҳисобланади. У нафақат сайёҳларни қизиқтирибгина қолмай, миллионлаб одамларни иш билан таъминлайди. Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда Самарқанд вилоятига 3 миллиондан ортиқ хорижлик сайёҳ ташриф буюрган. Кейинги йилларда бу рақамни камида икки баробар ошириш имконияти бор.
Ўтган даврда вилоятда 200 га яқин жойлаштириш воситалари фаолияти йўлга қўйилган, жумладан 13 та меҳмонхона, 37 та хостел ва 144 та оилавий меҳмон уйлари. Ҳозирда жойлаштириш воситалари сони 821 тага, уларнинг ўринлари эса 22 680 тага етган.
– Президентимиз ташаббуси билан 2026 йилдан оилавий меҳмон – уйларига белгиланган 4 фоизлик ўрнига 1 фоизлик солиқ ставкаси қўлланилади, — дейди “Оптимист” меҳмонхонаси мулкдори Искандар Сайдалиев. — Бу тадбиркорлар учун жуда катта рағбатдир. Рақамларга қараганда, 2016 йилда оилавий меҳмон-уйлари сони 500 тага ҳам етмаган бўлса, ҳозирда бу соҳага 6 мингдан ортиқ тадбиркор кириб фаолият юритмоқда. Мен туризм соҳасида қарийб 40 йилдан бери меҳнат қиламан. Давлат томонидан кўрсатилаётган ёрдам туфайли кундан кунга соҳа субъектлари сони ортиб бормоқда.
Аммо туризм соҳасида яширин иқтисодиёт билан боғлиқ ҳолатлар ҳам учраб тургани бу тармоқ салоҳиятига жиддий таҳдид солмоқда.
– Вилоятда меҳмонхона ва туризм хизматлари фаолияти бўйича жами 615 та тадбиркорлик субъекти мавжуд. Шундан 133 таси меҳмонхона, 112 таси хостел ва 370 таси оилавий уй меҳмонхоналаридир, — дейди вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Акмал Валиев. — Меҳмонхоналар 24 соат ва 24/7 режимда фаолият кўрсатади. Ресепшн, ошпаз, фаррош ва қоровул билан таъминланади. Одатда эса камида 2-3 сменада ходимлар ишлайди. Лекин расмий ҳисоботларда кўп меҳмонхоналарда бор-йўғи 1-3 киши ишлайди, деб кўрсатилган. Таҳлилларимиз шуни кўрсатдики, 17 та меҳмонхонада ходимлар умуман қайд этилмаган. Транспорт хизматларида ҳам “соя”даги айланма улкан миқёсда учраб турибди. Хусусий автобуслар, микроавтобуслар ва комфортли енгил автомашиналар катта оқимдаги туристларни тушяпти, лекин бундан тушган даромад солиқ базасида акс этмаяпти. Вилоятда 202 та тадбиркорлик субъекти умумий овқатланиш соҳасида фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг аксарияти олинган даромадларни солиқ ҳисоботларида яшириб кўрсатиш ҳолатларига йўл қўйяпти. Самарқанд шаҳридаги ресторан ва умумий овқатланиш корхоналарининг бир кунлик савдо тушуми камида 30–40 миллион сўмдан кам эмаслиги ҳаммага маълум. Бироқ айрим корхоналар мазкур тушумни тўлиқ ҳисоботларда акс эттирмайди. Бу эса солиқ тушумини камайтириш ва соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Яна бир оғриқли масала — туризмдаги туроператорлар, гидлар ва транспорт хизматлари. Масалан, сайёҳлардан “тур пакет” учун олинган тўловларнинг ҳаммаси расмий ҳисоботларда акс этмайди. Меҳмонхоналар, ошхоналар, тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар дирекциялари ҳамда транспорт корхоналари билан тузилган шартномалар кўп ҳолларда номигагина амал қилади. Гидлар ҳам расман тадбиркор ёки ўзини-ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтмаган. Қолаверса, вилоятда 2223 та тадбиркорлик субъекти чакана савдо фаолияти билан шуғулланади. Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида чакана савдо нуқталарида бир кунлик савдо тушумининг энг кам миқдори 1-3 миллион сўмдан кам эмас. Улгуржи савдо фаолияти билан жами 1917 та тадбиркорлик субъектлари шуғулланиб келмоқда.
– Товар-моддий бойликларнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш мақсадида ўтказилган сайёр солиқ текширувларида жиддий камчиликлар аниқланди, — дейди вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Фаррух Бобоев. — 265 ҳолатда 189,1 миллиард сўмлик товарлар омборда ёки сотувда мавжуд эмаслиги, 124,3 миллиард сўмлик товарлар эса кирими кўрсатилмаган ҳолда топилди. Бу орқали 41,3 миллиард сўм қўшимча солиқ ҳисобланди. 62,7 миллиард сўм молиявий жарима қўлланди. Масалан, Самарқанд шаҳридаги “Оазис” ресторанида ўтказилган текширувда, жамиятга тегишли омборхонада умумий қиймати 140,9 миллион сўмлик товар-моддий бойликлар мавжуд эмаслиги, шунингдек 13,2 миллион сўмлик моддий бойликлар расмий ҳисоботда кўрсатилмаганлиги аниқланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 833-сон қарори талаблари бўйича шохобчада 16 турдаги 49 дона тамаки маҳсулотларини муомалага киритиш ҳамда онлайн назорат-касса машинасидан фойдаланмаслик ҳолатлари ҳам кузатилди. Кейинчалик корхонага камерал солиқ текшируви ўтказилиб, 841,6 миллион сўм қўшимча солиқ ҳисобланди.
Бундай номувофиқликлар ва яширин даромад ҳолатлари туризм соҳасининг салоҳиятини тўсиққа учратиб, ривожланишини секинлаштирмоқда. Лекин имкониятлар етарли. Туризмнинг тўлиқ салоҳиятидан фойдаланиш учун номувофиқликларни бартараф этиб, шаффофликни таъминлаш туризм келажагини белгилайди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва машина олди-сотдиси бекор қилинади
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Австралияда 16 ёшгача бўлган ўсмирларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланди
- Учинчи Ренессансга элтувчи маърифат кўприги: Ўзбекистон—Покистон ҳамкорлигининг янги босқичи
- Муҳаммад Салоҳ фаолиятини Саудияда давом эттириши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг