Солиқ тизими: имтиёз, имконият ва самара

Солиқлар бевосита давлатнинг пайдо бўлиши билан боғлиқдир, яъни давлат ўз вазифаларини бажариш учун молиявий манба сифатида солиқлардан фойдаланади.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда солиқларнинг роли янада ортиб бормоқда. Миллий иқтисодиётда солиқлар қуйидаги учта муҳим вазифани бажаради:
— давлат харажатларини молиялаштириш;
— ижтимоий тангликни юмшатиш;
— иқтисодиётни тартибга солиш.
Шундан келиб чиқадиган бўлсак, Тошкент шаҳрида ҳисобга олинган мол мулк ва ер солиғи тўловчилари сони 2023 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 831,2 минг нафарни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 28,9 минг нафарга кўпайган. Шундан мол мулк солиғи тўловчилар сони 797,9 минг нафарни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 19,3 минг нафарга, ҳамда ер солиғи тўловчилари сони 295,5 минг нафарни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 10,1 минг нафарга кўпайган. Бу, албатта, мамлакатимиз ривожига қўшиладиган катта ҳисса эканлигини таъкидлаш ўринлидир.
Ўзбекистон Республикасининг 2023-йил 1 майдаги ЎРҚ-837-сон Конституциявий Қонунига мувофиқ тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси янги таҳрирдаги Конституциясининг 63-моддасида, фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шартлиги, солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги кераклиги белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Конституциянинг 149-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ягона солиқ тизими амал қилиши ва солиқларни жорий қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлисига тегишли эканлиги белгиланган.
Шу нуқтаи назардан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси томонидан ҳам ислоҳотлар билан чамбарчас тарзда кўплаб ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, бугунги кунда аҳоли мурожаатларини ўрганиб, уларга ечим бериш халқ розилигини олишда катта аҳамият касб этади. Шу боисдан ҳам Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси “Солиқ солиш бўйича маслаҳат” бўлими томонидан 2023 йилнинг январь-октябрь ойилари давомида жами 1332 та мурожаатлар келиб тушган ва мурожаат муаллифларига амалдаги қонунчилик асосида малакали жавоб хатлари берилган. Бундан ташқари, бўлим ходимлари томонидан 474 та оғзаки мурожаатларга телефон орқали тушунтиришлар берилди ва солиқ бошқармасининг фуқаролар қабулхонасига бевосита ташриф буюрган 114 та фуқароларнинг мурожаатларига малакали жавоблар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат солиқ хизматлари органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган “Давлат корхоналари тўғрисида»ги Низомга асосан фаолиятини олиб борадиган Тошкент шаҳар “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонаси ҳудудий бўлимларига бир кунда ўртача 200 тага яқин фуқаролар сервис хизматлари бўйича мурожаат қилади ҳамда ўз муаммоларини бартараф этишда амалий ёрдам ва маслаҳатлар оладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 4 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-292 қарорига асосан “Йўл харитаси” тасдиқланган бўлиб, унга асосан: кичик бизнесга янги имкониятлар яратиш, ўрта бизнесни барқарор иқтисодий ўсиш гаровига айлантириш, янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот билан кириш, юқори даромадли корхоналарни кўпайтириш, содда солиқ маъмуриятчилиги ва бюрократиядан холи қулай муҳит яратиш кўзда тутилган.
Ушбу қарорга асосан қўшилган қиймат солиғининг салбий суммаси ўрнини қоплашда (қайтаришда) солиқ узилиши (тах гап) коэффициентини қўллаш амалиётини бекор қилинди, қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тартибини бекор қилинди (бундан амалга оширилаётган битимлар (операциялар) харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига номувофиқ бўлган ҳолатлар мустасно).
Камерал солиқ текшируви солиқ органларида мавжуд маълумотлар асосида тадбиркорлик субъектининг иштирокисиз солиқ органининг ўзида ўтказилиши белгиланди (бундан қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтаришда ўтказиладиган камерал солиқ текширувлари мустасно).
Бунда, солиқ органларининг қуйидаги ҳуқуқлари бекор қилинди:
— солиқ тўловчининг ҳудудига кириш;
— солиқ тўловчининг ҳудудини ва биноларини кўздан кечириш;
— солиқ тўловчидан ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва уни чақиртириш;
— солиқ тўловчининг ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш.
Таъкидлаш жоизки, тадбиркорлар билан ташкил этилган ушбу учрашувдан сўнг бошқарма томонидан Солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни солиқ тўловчиларга етказиш бўйича 78 та семинар ва давра суҳбатлари ўтказилган бўлиб уларда 5910 та тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.
Шунингдек, 2023-йил 1 ноябрь ҳолатига Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган юридик шахслар сони 99 313 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9 мингтага ошган. Шундан 14 518 таси жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида рўйхатдан ўтганини ҳам эътироф этиш керак.
Қолаверса, “Йўл харитаси”нинг 26 бандида ”Солиқчи — кўмакчи” тизимини такомиллаштириш бўйича солиқ органлари томонидан маҳалла даражасида ишлаш тизимини жорий қилиш белгиланган.
Президентимиз томонидан солиқ органлари ходимлари олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, Солиқ тизимини маҳалла даражасига тушириш янги институтини жорий қилиш бўйича манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Янги тизимни рақамлаштириш мақсадида “Маҳалла солиқчиси” ахборот тизими ишлаб чиқилди. Ушбу тизимда қуйидагилар назарда тутилган:
— маҳалла кесимида корхоналарнинг иқтисодий кўрсаткичлари, жумладан корхоналар товар айланмаси камайиши, иш ўринлари қисқариши каби маълумотлар автоматик таҳлил қилинади;
— солиқ ходими манзилли равишда салбий кўрсаткичларга эга бўлган тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаб, уларни маҳалладаги “еттилик” билан ҳамкорликда ҳал этиш ишларни ташкил этади;
— ҳар бир маҳаллага бириктирилган солиқ инспекторлари фаолияти самарадорлиги баҳолаб борилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4742-сон қарорига асосан Тошкент шаҳар бўйича аҳолини ўзини ўзи бандлигини таъминлашда олиб борилган ишлар ҳамда фуқароларга солиқ мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтишига кўмаклашиш натижасида 2023-йил 10 ойида 112,3 минг нафар фуқаролар ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилди, жумладан 19,8 минг нафар фуқаро ижтимоий йўналишлар бўйича хизматлар кўрсатиш соҳасида, 9,6 минг нафар фуқаро саноат йўналиши бўйича хизматлар кўрсатиш соҳасида, 1,4 минг нафар фуқаро қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича хизматлар кўрсатиш соҳасида, 11,4 минг нафар фуқаро ахборот коммуникация йўналиши бўйича хизматлар кўрсатиш соҳасида, 57,9 минг нафар фуқаро маиший хизматлар кўрсатиш соҳасида, 12,1 минг нафар фуқаро халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасида давлат солиқ хизмати органларидан рўйхатдан ўтказилди. Бу ҳам “маҳалла еттилиги” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлардан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, солиқ ходимларининг маҳалладаги имкониятларни ишга солиб, солиқ базасини кенгайтириш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштиришга ҳамда ўзини ўзи банд қилганларга кичик бизнес тоифасига ўтишга кўмаклашиш каби жами 14 та йўналишда ишлар олиб борилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда, жумладан, Тошкент шаҳар солиқ бошқармасида ҳам сўнгги йилларда бизнес юритиш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва кафолатларини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги тараққиёт стратегиясига мувофиқ, тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, солиққа тортишни янада соддалаштириш, солиқ юкини ҳам камайтириш ва солиқ маъмуриятчилигини шаффофлигини ошириш ҳамда қўшимча солиқ базасини кенгайтириш орқали солиқ тушумларини ошириш мамлакат солиқ сиёсатининг асосий вазифаси ҳисобланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг