Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, тадбиркорларга қатор имтиёзлар белгиланмоқда

13:04 29 Апрель 2025 Сиёсат
462 0

Фото: Юнус Бўриев, Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек аҳолини қалбаки маҳсулотлардан ҳимоя қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга айрим турдаги йиғимларни белгилаш, уларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш тартибини белгилаш, тадбиркорлик субъектларини ва касаба уюшмаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган вақтинчалик солиқ имтиёзларини бериш зарурати ҳам юзага келмоқда.

Сенатнинг бугунги ялпи мажлисида ҳам шу каби имтиёзларни ўз ичига олган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Жумладан, мазкур Қонун билан Солиқ кодексига паррандачилик соҳасини ривожлантириш, болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга ҳамда рақамли маркировкалаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда.

Хусусан, рақамли маркировкали маҳсулотларнинг чакана савдосини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларига ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаларини тадбиркорлик субъектлари учун маркировкани ўқиш қурилмаларини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар суммасига, бироқ битта қурилма учун базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт бараваридан кўп бўлмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқи 2027 йил 1 январга қадар бўлган давр учун берилади.

Шунингдек, Қонун билан 2030 йил 1 январга қадар паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари юридик шахслардан олинадиган ер солиғини (экин майдонларидан ташқари) тўлашдан озод этиш белгиланмоқда.

Шу билан бирга пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни ҳамда тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда. Бунда пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ваколатли органларни хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият турлари рўйхатига киритилмоқда.

Сенаторлар томонидан Қонун паррандачилик корхоналари фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга, болаларни соғломлаштириш ва ақлий ривожлантириш бўйича ишлар самарадорлигини оширишга ҳамда рақамли маркировкалаш орқали аҳолини қалбаки маҳсулотлардан ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото: Юнус Бўриев, Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер