Соҳибқирондан мерос Боғибаланд анжирлари

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳридаги Боғибаланд Соҳибқирон Амир Темур асос солган ва бугунгача сақланиб қолган машҳур 12 боғдан бири. У эски Кўҳак, ҳозирги Чўпонота тепалигининг ён бағрида, шаҳарнинг шимолий қисмида, Зарафшон дарёсининг чап қирғоғида жойлашган. «Бобурнома»да мазкур ҳудудда Амир Темурнинг суюкли набираси, Мироншоҳнинг қизи Оғабегимга атаб «Боғибаланд» боғи барпо этилгани ва унда тўкин анжирзорлар борлиги ёзилган. Ҳозир ҳам боғнинг сақланиб қолинган қисми гўзал табиати, мусаффо ҳавоси, ширин анжиру узум, олмалари билан машҳур. Шунинг учун ҳам бу ерга маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар кўп келади.
Бир неча асрлик анжир боғларию, ҳунармандчилик масканлари, ош паловию, бошқа гўзал масканлари билан машҳур Боғибаланд маҳалласи ҳозирда мамлакатимиздаги илк туристик маҳалла мақомини олган. Боғ ҳудудида 20 га яқин дам олиш маскани, дегустация учун миллий услубдаги жойлар ташкил этилган.
— Маҳалламизда 4885 нафар аҳоли яшайди, — дейди Боғибаланд маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Акмал Исмоилов. — Драйверимиз савдо ва хизмат кўрсатишга асосланган бўлиб, маҳаллага туризм маҳалласи мақомининг берилиши имкониятларимизни янада кенгайтирди. Ҳудудда пиёда, велосипед, электромобиль, веломобил, отда сайр қилиш учун шароит яратилди. Меҳмонларнинг қулай ҳаракатланиши учун йўл кўрсаткичлари, стелла ва боғ харитаси ўрнатилди. Маҳалланинг барча учун қулай жойида туризм ахборот маркази фаолияти йўлга қўйилиб, зарурий маълумотлар жойлаштирилди. Шунингдек, маҳалладаги 40 гектар анжирзор тўртта фермер хўжалигига бириктирилган бўлиб, ундан 72 та оила фойдаланмоқда. Анжир дарахтларини экиш, етиштириш, ҳосилни йиғиш жараёни билан сайёҳларни таништириш ва ушбу жараёнларда меҳмонларнинг ўзлари ҳам иштирок этишлари учун шароит яратилган.
Мутахассисларнинг фикрича, юртимизнинг турли ҳудудларида етиштириладиган анжир мевалари орасида Боғибаланд анжири микроэлементларга бойлиги ва бошқа хусусиятлари билан ажралиб туради. Кўчати шу ердан олиб борилиб, Самарқанднинг бошқа ҳудудларида экилганида ҳам мева Боғибаланддагичалик хуштаъм бўлмайди. Бу балки ушбу анжирзорларнинг Чўпонота тепаликлари ён бағрида жойлашгани ёки Зарафшон дарёсига яқинлиги билан боғлиқдир.
Анжир жуда тез бузиладиган мева ва пишгандан кейин кўпи билан 8-10 соат туриши мумкин. Бошқа мевалар каби совиткичда ҳам сақлаб бўлмайди. Шу боис анжирни экспорт қилиш қийин. Хўш, Амир Темурнинг Боғибаланд боғида маҳалла аҳолиси томонидан етиштирилаётган анжирлар қаерга, қандай сотиляпти?
— Амир Темур бобомиз Испанияга юриши давомида Самарқандга анжир уруғларини олиб келгани ҳақида ота-боболаримиздан кўп эшитганмиз, — дейди Ҳожи бобо Мажидов. — Анжир уруғлари бобомиз барпо этган еттита боғда экилади. Лекин фақат Боғибаланд маҳалласида анжир униб чиқади. Чунки шимолдан Зарафшон дарёсининг намлиги, ғарбдан Чўпонота тепалигининг иссиқлиги анжир етиштириш учун мос иқлим. 40 гектар боғнинг ҳар гектарида 100 тупдан анжир бўлиб, уни етиштириш авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Боғнинг 10 гектари бизга ажратилган. Ҳозир тўртинчи авлодимиз шу боғда меҳнат қилиб келмоқда. Сариқ анжир Боғибаланд бренди ҳисобланади. Йилига икки марта ҳосил беради. Биринчи ҳосилни баҳор ойларида эски новдадан оляпмиз. Иккинчи ҳосил янги новдадан август ойида олишни бошладик. Анжирларнинг эрта пишганларини мураббо, шинни қилиб ва қуритиб вилоятимиз ва шу ҳудудга яқин маҳаллий бозорларга сотяпмиз.
Ҳудудда айни пайтда 4 та фермер хўжалиги анжир етиштириш билан шуғулланмоқда. Маҳалладаги «Боғибаланд анжирлари» фермер хўжалигида «Анжир сайли» ўтказилиб турилади. Сайилда ноёб, лаззатли анжирнинг турли-туман янги навлари ярмаркаси ҳам ташкил этилади.
— Боғимизда минг туп анжиримиз бор, — дейди «Боғибаланд анжирлари» фермер хўжалиги раҳбари Рустам Муинов. — Маҳалла ҳудудида 40 гектар анжирзор бор. Бизнинг боғимизнинг умумий майдони 9 гектарни ташкил қилади. Ҳозирги кунда 17 нафар ишчи билан шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларга сариқ ва қора рангли сархил анжирларни етказаяпмиз.
Анжирни бежизга жаннат меваси, дейишмайди. Оч сариқ ёки сиёҳранг тусли ноксимон бу мева витамин ва қувватбахш моддалари билан инсонга саломатлик, гўзаллик ва ёшлик бахш этади.
Боғибаланд маҳалласидаги анжир дарахтлари 200, ҳатто 300 йилгача яшаб, мева бериб келяпти.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
- Ўзбекистон терма жамоаси Қувайт билан 2 та ўртоқлик ўйини ўтказади
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг