Сирдарёда янги оромгоҳ фойдаланишга топширилди

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Ёзги таътил даврида болажонларнинг мароқли дам олиб, бўш вақтларини мазмунли ўтказишида оромгоҳлар муҳим ўрин тутади. Сирдарё туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилган болалар соғломлаштириш оромгоҳи фойдаланишга топширилди.
Унинг очилиш тантанасида мамлакатимизда ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишларнинг мақсад-моҳияти, энг аввало, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилгани алоҳида таъкидланди.
«Сирдарё» болалар соғломлаштириш оромгоҳи 200 ўринга мўлжалланган. Сирдарё дарёси соҳилидаги 10 гектардан зиёд майдонга эга ушбу масканда бунёдкорлик ишлари учун 40 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
— Жаҳон андозалари талабига мос равишда барпо этилган болалар соғломлаштириш мажмуамиз бетакрорлиги ва мавжуд турдош муассасалар ўртасида муқобили йўқлиги билан ажралиб туради, десак, муболаға бўлмайди, — дейди оромгоҳ директори Улуғбек Тўрақулов. — Бу ўғил-қизларимизни нафақат мароқли дам олдириш ва жисмонан чиниқтириш, балки уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича билим ҳамда кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи маскан ҳам ҳисобланади.
Бинобарин, «Маданият ва маърифат маркази», китоблар захирасига бой «Ахборот-ресурс маркази», энг сўнгги русумдаги кўргазмали воситалар ва жиҳозлар билан таъминланган тўгарак хоналари, турли тадбирларни ўтказиш учун мўлжалланган салобатли амфитеатр мавжуд. Махсус иситиш тизимига эга бўлган сузиш ҳавзаси, болалар майдончалари, замонавий лойиҳалар асосида қурилган ётоқхона бинолари, ошхона, ювиниш хоналари ҳам ҳавас қилса арзигулик даражада кўркам ва шинам. Қолаверса, келувчи ота-оналар учун мулоқот айвончалари ҳам барпо этилган.
Оромгоҳнинг тиббиёт мажмуасида болалар саломатлиги доимий назорат қилиб борилади. Табиий неъматлар ва гиёҳлардан дамламалар тайёрланади. Овқатланиш рациони эса дармондориларга бой таомлар билан бойитилади.
«Сирдарё» оромгоҳида жорий йил мавсумида 1000 нафардан зиёд ўғил-қизнинг мароқли дам олиши ва уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш белгиланган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг