Сирдарёда мурожаатлар: рақамлар ортидаги ҳақиқат

15:34 17 Март 2026 Жамият
161 0

Бугун Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида жорий йил бошидан буён Президентнинг виртуал ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар муҳокамаси бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда рақамлар шунчаки ўқиб эшиттирилмади, балки, ҳар бир мурожаат ортида турган ҳолат, сабаб ва ечимлар алоҳида кўриб чиқилди. Чунки бу рақамлар ортида одамлар ҳаёти, дарди ва кутган умиди турибди.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят бўйича 8 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бу — ҳар куни юзлаб одамлар ўз муаммоси билан мурожаат қилишга мажбур бўляпти дегани.

Таҳлил шуни кўрсатдики, айрим ҳудудларда мурожаатлар сони бошқаларга нисбатан анча юқори. Хусусан, Гулистон шаҳри, Сирдарё ва Боёвут туманлари мурожаатлар сони бўйича етакчи ҳудудлардан. Айрим маҳаллаларда эса одамлар бир марта эмас, қайта-қайта мурожаат қилишга мажбур бўляпти.Бу эса жойлардаги муаммоларга тизимли ёндашув зарурлигини кўрсатади.

Мурожаатлар мазмунига қарасак, аҳолини қийнаётган масалалар барчамизга таниш: ичимлик суви, электр таъминоти, йўллар, уй-жой, иш билан таъминлаш. Яъни одамлар энг оддий, лекин энг зарур масалалар юзасидан мурожаат қилмоқда.

Айрим ҳолатларда эса бу муаммолар йиллар давомида ечим топмаган. Масалан, Сардоба туманидаги айрим кўп қаватли уйларда канализация тизими 30 йилдан бери ишламайди .

Сайхунобод ва Гулистон туманларида йўллар таъмирталаб ҳолатда қолмоқда.

Бу ҳолатлар оддий муаммо эмас, булар аҳолининг кундалик ҳаётига таъсир қилаётган жиддий масалалардир.

Таҳлилларда маълум бўлган яна бир жиҳат айрим фуқароларнинг қайта-қайта мурожаат қилиш ҳолатларидир. Кимдир ўнлаб марта, кимдир юзлаб марта мурожаат қилган. Ҳатто бир фуқаро 2018 йилдан буён 2 минг маротабадан ортиқ мурожаат юборган ҳолат ҳам қайд этилган . Бу эса битта хулосани англатади: муаммо ҳал этилмаган. Ёки ечим бўлса ҳам, у одамга етиб бормаяпти.

Муҳокама давомида Эркинжон Турдимов: Одамлар бекорга мурожаат қилмайди. Агар бир масала қайта-қайта кўтарилаётган бўлса, демак у жойида ҳал бўлмаган дея таъкидлаб мурожаатларни қабул қилиш эмас, балки уларни амалда ҳал этиш бўйича раҳбарлар олдидаги муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер