Cи Цзиньпиннинг ўзбек тилида чоп этилган “Қашшоқликдан халос бўлиш” китоби тақдимотига бағишланган халқаро тадбир

14:14 17 Ноябрь 2023 Сиёсат
3463 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Хитой Халқ Республикаси (ХХР) раиси Си Цзиньпиннинг ўзбек тилида чоп этилган “Қашшоқликдан халос бўлиш” китоби тақдимотига бағишланган халқаро тадбир ўтказилди. Мазкур тадбир “Тараққиёт стратегияси” маркази, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ХХР Давлат кенгаши матбуот хизмати, Хитой хорижий тиллардаги адабиётларни нашр этиш ва тарқатиш Бошқармаси, Хитой Хорижий тиллардаги адабиётлар нашриёти, Фуцзянь провинциясининг Халқ нашриёти, “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи, шунингдек, қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Тақдимотда ХХР раҳбарининг “Қашшоқликдан халос бўлиш” китобининг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка етказилди. Шунингдек, “Ўзбекистон ва Хитой давлат бошқаруви” ва “қамбағалликни қисқартириш” мавзуларида ўзаро фикр алмашинилиб, иштирокчиларга китоб ҳақидаги таассуротлар улашилди.

Тадбирда таъкидланганидек, Хитой давлати 40 йил аввал бошланган очиқлик ва ислоҳотлар сиёсати ҳамда инсон ресурсларидан самарали фойдаланиш натижасида бугунги кунда глобал даражада энг йирик ишлаб чиқарувчи ва экспортчи мамлакатга, юқори технологияларга асосланган «дунё фабрикаси»га айланди.

Маълумки, ХХР раиси Си Цзинпин 2021 йил 24 февраль куни бўлиб ўтган мамлакатнинг қашшоқликни бартараф этишдаги ютуқларига бағишланган йиғилишда мамлакатда мутлақ қашшоқлик устидан тўлиқ ғалабага эришилганини маълум қилган.

Мазкур китобда Хитойнинг қашшоқликка қарши курашдаги эришган натижаси замирида, муҳтожларга шунчаки пул тарқатиш эмас, балки муаммога тизимли ёндашув билан эришилгани, Хитойда қашшоқликдан халос бўлиш тарихи, аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича ҳукумат амалга оширган турли дастур ва чора-тадбирлар ҳамда қашшоқликдан муваффақиятли халос бўлишга ёрдам берувчи омиллар ҳақида сўз боради.

Китобда ёритилган асосий мавзулардан бири бу қашшоқлик муаммосини ҳал қилишда давлатнинг роли мухимлиги. Муаллиф қишлоқ жойларда ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани ривожлантириш учун шарт-шароит яратишга қаратилган фаол ҳукумат сиёсати муҳимлигини таъкидлайди ҳамда турли дастур ва лойиҳалар орқали миллионлаб инсонлар учун қашшоқликни камайтириш ва турмуш даражасини яхшилаш мумкинлигига ишора қилади.

Шунингдек, муаллиф китобда Хитойнинг қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш истиқболлари ва уларнинг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлашдаги роли ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашади.

Умуман олганда, ХХР Раиси Си Цзинпин жанобларининг “Қашшоқликдан халос бўлиш” китоби Хитойдаги қашшоқлик муаммоси ва уни бартараф этиш механизмларини яхшироқ тушуниш имконини берувчи қимматли тадқиқот материалидир.

Китоб ижтимоий сиёсат соҳасидаги мутахассислар учун ҳам, жамият тараққиётининг замонавий муаммолари ва истиқболлари билан қизиққан кенг китобхонлар учун ҳам фойдали бўлади.

Тадбирда камбағалликни қисқартириш бўйича муваффақиятли Хитой тажрибасини акс эттирган мазкур китоб мамлакатимизда ушбу йўналишдаги фаолиятни атрофлича таҳлил қилиш ҳамда “Ўзбекистон 2030” стратегияси доирасида белгиланган “2026 йилга қадар камбағалликни 2022 йилга нисбатан 2 баробарга, 2030 йилга қадар эса кескин қисқартириш” мақсадини амалга оширишга ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер