Сенаторлар ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш чораларини такомиллаштиришга қаратилган қонунни муҳокама қилди

11:59 31 Октябр 2025 Сиёсат
184 0

Фото: Акмал Муҳаммадов, Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Олий Мажлис Сенатининг бугунги ялпи мажлисида “Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш чоралари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Фото: Акмал Муҳаммадов, Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Муҳокама давомида сенаторлар кейинги йилларда мамлакатимизда ёқилғи-энергетика ресурслари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги ишларни тизимли равишда йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Фото: Акмал Муҳаммадов, Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Шунингдек, ушбу соҳада таъсирчан давлат назоратини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги қайд этилиб, ёқилғи-энергетика ресурслари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш, электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш, газдан ёқилғи ёки хомашё сифатида фойдаланишга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликка тортиш чораларини такомиллаштириш лозимлиги таъкидланди.

Фото: Акмал Муҳаммадов, Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Мазкур Қонун билан Жиноят кодексида электр, иссиқлик энергиясидан, газ ва сув ўтказгичдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жазо чораларини кучайтириш назарда тутилмоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов, Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги ноаниқликларни бартараф этишга, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишдаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга ҳамда бундай қоидабузарликлар учун жазо чораларининг таъсирчанлигини оширишга қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов, Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Сенаторлар ўз чиқишларида ушбу Қонун ёқилғи-энергетика ресурслари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда иқтисод қилинган энергия ресурсларини саноатнинг бошқа тармоқларига йўналтириш, қолаверса уларни экспортини ошириб, импорт улушини камайтиришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Фото: Акмал Муҳаммадов, Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?