Сенатда Ўзбекистоннинг қатор элчилари ўз фаолияти ҳақида ҳисобот берди

19:23 22 Октябр 2025 Сиёсат
329 0

Жорий йилнинг 22 октябрь куни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликлари, Қувайт ва Ҳиндистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ўз фаолияти ҳақида ҳисобот берди.

Муҳокама давомида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, олий ва юқори даражадаги ташрифлар доирасида имзоланган «йўл хариталари» ижросини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, инвестиция ва савдо алоқаларини кенгайтириш, энергетика, саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, туризмни ривожлантириш ҳамда хориждаги ватандошларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритилди.

Таъкидланганидек, ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликлари, Қувайт ва Ҳиндистон билан савдо-иқтисодий, инвестиция, энергетика, саноат, инновация соҳаларидаги кўп қиррали ҳамкорлиги тобора кенгайиб бормоқда. «Яшил иқтисодиёт», «ақлли шаҳарлар» ва зиёрат, тиббиёт ва ишбилармонлар туризми каби муҳим йўналишларда етакчи хорижий компаниялар билан биргаликда истиқболли йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатимизнинг ушбу давлат билан иқтисодиёт, молия, энергетика, таълим, транспорт, логистика, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва ахборот технологиялари каби муҳим соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари ривожланаётгани қайд этилди.

Президентимиз томонидан белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, элчихоналар ҳар бир соҳани ривожлантириш учун замонавий, инновацион ва рақамли технологиялардан ҳамда сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш бўйича тегишли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, стартап лойиҳаларни, ИТ-парклар ва илмий-ўқув лабораторияларини қўллаб-қувватлаш ҳамда сунъий интеллект кластерини амалиётга жорий этиш бўйича халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва хорижий ҳамкорларни жалб қилишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Мажлис якунида сенаторлар томонидан дипломатик ваколатхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш, ташқи иқтисодий ҳамкорлик ҳамда туризмни жонлантириш, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш, шу жумладан хорижда кўргазмалар ва савдо уйларини кўллаб-қувватлаш орқали экспорт ҳажмини ошириш каби қатор таклифлар билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?