Савицкийни мафтун этган қизил киймешек
Қорақалпоғистон замини азалдан бой маданий мероси, бетакрор урф-одатлари ва халқ амалий санъати билан машҳур. Бу ноёб бойликларни асраб-авайлаш ва дунёга танитишда музей асосчиси Игорь Витальевич Савицкийнинг хизмати беқиёсдир. У нафақат рассом ва коллекционер, балки халқ маданиятининг жонкуяр ҳимоячиси сифатида ҳам тарихда қолган.
ХХ асрнинг ўрталарида Савицкий илмий экспедиция билан Қорақалпоғистонга келади. Шу заминнинг ўзига хос маданияти, халқ турмуши ва чеварлик анъаналари уни дарҳол ўзига мафтун этади. Айниқса, қорақалпоқ аёлларининг каштачилик санъати ва миллий либосларидаги ранглар уйғунлиги Савицкийда катта қизиқиш уйғотади. У бу буюмларни оддий маиший ашё эмас, балки халқнинг тарихий хотираси ва бадиий дидини ифода этувчи ҳақиқий санъат асарлари сифатида кўради.
- Қорақалпоқ миллий либослари орасида қизил киймешек алоҳида ўрин тутади, — дейди Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейининг этнография бўлими раҳбари, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Айгул Пирназарова. — Бу бош кийим ёш турмуш қурган аёлларнинг асосий либосларидан бири бўлиб, қизил мовут матосидан тикилади. Унинг олд қисми мураккаб кашталар билан безатилиб, геометрик, ўсимликсимон ва зооморф нақшлар билан бойитилган. Бу нақшлар халқнинг дунёқараши ва рамзий тасаввурларини ўзида мужассам этади. Масалан, уларда ҳосилдорлик, фаровонлик ва ҳимоя тимсоллари акс этган. Қизил ранг эса ҳаёт, ёшлик ва оналик рамзи сифатида талқин қилинган.
Анъанага кўра, киймешекнинг олд қисми ҳар бир қиз томонидан ўз қўли билан кашталанган. Бу иш турмушга чиқишдан анча олдин бошланиб, баъзан бир неча йил давом этган. Шу боис ҳар бир киймешек ўзига хос ранг уйғунлиги ва нақшлари билан ажралиб турган. Унда чевар қизларнинг орзу-умидлари, ҳис-туйғулари ва келажакка бўлган ишончи акс этган.

И.В. Савицкий қорақалпоқ чеварларининг бадиий маҳоратини жуда юқори баҳолаган. У миллий либослардаги ранглар уйғунлиги ва композицияни жаҳон санъати билан қиёслаган. Савицкий фикрича, қорақалпоқ кашталаридаги ранг-баранглик машҳур рассомлар асарларидаги бадиий услубни эслатади.
Бу ҳақда М.И. Земскаянинг “Қумлар орасидаги вақт” китобида Савицкийнинг қуйидаги сўзлари келтирилади:
«Ҳа, ҳа… Матисс… Буни мен аллақачон қизил киймешек кашталарида кўрганман. Врубелни ҳам танидим. Бу ахир қорақалпоқ оқбошқурининг ранг-баранглиги-ку…»
Бу фикрлар Савицкийнинг миллий амалий санъатга бўлган юксак эҳтиромини яққол намоён этади. У қорақалпоқ чеварлари яратган либосларни нафақат этнографик ёдгорлик, балки ҳақиқий бадиий дурдона сифатида қадрлаган.
Савицкийнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Қорақалпоғистонда ноёб музей коллекцияси шаклланди. У миллий либослар, кашталар ва халқ амалий санъати намуналарини йиғиб, уларни келажак авлодга етказишга хизмат қилди. Бугун музей тўпламида сақланаётган қизил киймешек нафақат миллий либос намунаси, балки қорақалпоқ чеварлик анъаналарининг юксак бадиий ифодаси сифатида қадрланади.
Шу тариқа, Савицкийнинг меҳнати туфайли қорақалпоқ халқининг ноёб маданий мероси асраб қолинди ва бугунги кунда у нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё маданий хазинасининг муҳим қисмига айланган.
Ғайрат ОТАЖОНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Prix Versailles талқинига кўра 2026 йилнинг дунёдаги энг гўзал музейлари рўйхатига киритилди
- Эндиликда йўловчи божхона декларациясини мобил илова орқали электрон шаклда топшириш мумкин
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Эроннинг ҳужум салоҳияти 50 фоизга қисқарди – АҚШ сенатори
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг