Саноатда «Унумдорлик ва самарадорликни икки карра ошириш» дастури бошланади
Фото: Президент матбуот хизмати
Яна бир йирик лойиҳа – Олмалиқ комбинатида қиймати 2 миллиард 700 миллион доллар, қуввати 300 минг тонна мис катодидан иборат бўлган янги металлургия мажмуасини барпо этиш бошланади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида айтиб ўтди.
«Самарқанд кимё» заводида 381 миллион доллар инвестиция ҳисобига йилига 370 минг тонна фосфорли ва 540 минг тонна мураккаб ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Қашқадарёда 200 миллион долларлик кимё заводининг қурилиши бошланади. Бу маиший кимё, полимер, синтетик ёқилғи учун йилига 50 минг тонна алкилбензол маҳсулоти олиш имконини беради.
Умуман, 2026 йилда кимё саноатида 4,5 миллиард долларлик, тоғ-кон металлургия, нефть-газ, автомобилсозлик, тўқимачилик ва қурилиш материаллари тармоқларининг ҳар бирида 3 миллиард доллардан, электротехникада 2 миллиард долларлик, фармацевтикада 800 миллион долларлик янги лойиҳалар бошланади.
Шу тариқа 2026 йилда жами экспорт 40 миллиард долларга етказилиб, тайёр ва ярим тайёр маҳсулот улуши 55 фоиздан оширилади.
Келгуси йилда иқтисодиётда 6,6 фоиз ўсишни таъминлаб, ялпи ички маҳсулотни 167 миллиард долларга етказиш прогноз қилинмоқда.
Агар меҳнат унумдорлиги, энергия самарадорлиги ва таннарх бўйича қаттиқ ишланса, бу кўрсаткични янада ошириш учун барча имкониятлар бор. Шу боис, саноатда «Унумдорлик ва самарадорликни икки карра ошириш» дастури бошланади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан меҳнат унумдорлиги ва энергия самарадорлиги бўйича алоҳида лойиҳа амалга оширилади.
Ушбу лойиҳага халқаро молия институтларидан 200 миллион доллар кредит ва грант жалб қилиниб, саноат корхоналари учун хориждан юқори малакали технолог ва муҳандислар олиб келинади, бизнес жараёнлари рақамлаштирилади, энергия ва бошқа харажатларни қисқартириш бўйича аудитлар ўтказилади, илғор технологиялар трансфер қилинади.
Бу борада «Тўртинчи саноат инқилоби маркази» ташкил қилинади. Марказ негизида робототехника, «буюмлар интернети», «ақлли фабрика» каби «Индустрия 4.0» ечимларини саноат корхоналарида жорий этиш учун «тартибга солиш механизми» яратилади.
Бунда корхоналар янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилишдан олдин уларни синовдан ўтказиш имконига эга бўлади.
Аккредитация, метрология ва стандартлаштириш соҳаларидаги ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон «Глобал сифат инфраструктураси» индексида сўнгги икки йилда 15 поғона юқорилаб, 52-ўринга кўтарилди.
«Бу албатта яхши! Шу билан бирга, маҳсулотларимиз рақобатдошлигини янада ошириш учун техник тартибга солиш соҳасини янги босқичга олиб чиқамиз. Бунинг учун «Давлат назорати» тизимидан халқаро тажрибада юқори самара берган «Бозор назорати» тизимига ўтамиз», деди Президентимиз.
Инновация асосида юқори технологик маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналар рағбатлантирилади. Корхона мутахассисларининг илмий-тадқиқот ва конструкторлик ишланмаларидан олган даромади солиқдан озод қилинади.
Ана шундай ислоҳотлар орқали келгуси беш йилда саноатда меҳнат унумдорлиги 30 минг долларга етказилади, 1 минг долларлик қўшилган қиймат яратишга кетадиган энергия сарфи 1,5 баробар камайтирилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Хонанда Раҳматилло Юсупов 44 ёшда вафот этди
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг