Самимий туйғулар куйчиси

14:22 01 Март 2022 Маданият
2371 0

Архив сурат

Соғинч

Баҳорнинг илк кунида халқимизнинг суюкли фарзанди, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллуд топган. Туйғуларнинг рангин оламини зўр маҳорат билан сўзга, мисраларга жойлай олган ҳассос шоира нафақат миллий, балки дунё адабиётида ҳам ўзига хос ўринга эга. Жаҳон халқлари, шеърият мухлислари, дунё адабий жамоатчилиги Зулфия сиймосида теран тафаккурли, юксак маънавиятли, маърифатпарвар ўзбек онаси, Ўзбекистон шоирасини таниди. Юртимизда унинг шеърий тўпламлари, китобларини ўқимаган, тонг, баҳор, табиат, меҳр ва садоқат куйчисининг нафис ва дилбар, самимиятга тўла шеърларидан завқланмаган китобхонни топиш мушкул. Зулфия шеърлари ватанпарварлик, фидойилик, халқпарварлик, ҳаётни севиш, саодатли ва ёруғ кунларнинг қадрига етиш, бир-биримизни авайлашдан сабоқ беради.

Зулфия ибратли ҳаёти билан ҳар бир ўзбек аёли учун меҳр ва садоқат, вафо ва матонат тимсолига ҳам айланган. Шу боис унинг нурли сиймоси маънавиятимиз осмонида ёрқин зиё таратиб туради.

БОҒЛАР ҚИЙҒОС ГУЛДА

Боғлар қийғос гулда — яхлит бир чаман,

Ҳар дарахт анвои бир тароватда.

Бир кафт боғ меҳнату ҳосилга ватан,

Ўзга кўрк, ўзга ранг ҳар бир дарахтда.

Ҳар навда бир гулда, ҳар гулда бир бўй,

Ҳар дарахт барги бир дунё ҳикоя,

Ҳар бирин ҳосили ўзгасига кўрк,

Бири бири учун қудрат, ҳимоя.

Ватаним кўзимда: қай бурчи азиз,

Билмам, қайда толе серзавқ, сержило?

Ялпи тўлишади бедахл юртимиз,

Нақ ҳар қаричи дил, жон томир гўё.

Бир қардош тинчсиз — ўзга беором

Бирининг нонисиз — ўзга эмас тўқ…

Бу — қадим дунёда янги бир олам,

Бунда орқа тоғсиз бир тирик жон йўқ.

Таянч бўлмасайди одамзод албат,

Ўзи кашф этарди, кашф этгандай бахт.

СУЛУВ ТОНГ

Эрта баҳор эди, бутун табиат

Яшил бахмал билан ёпилган эди;

Ёмғир сувлари-ла етилган ерлар

Кучли қўллар билан чопилган эди.

Тоғлар этагида, қирлар кўксида

Секин чайқаларди лола денгизи.

Экин ерларида эди намоён

Баҳорги меҳнатнинг ҳосилдор изи.

Куйчи ариқларнинг бўйида жийда

Майин таратганда атир бўйини,

Кумушдай баргларда бошланганида

Тонгги шабнамларнинг жилва ўйини;

Мен лола тергали чиқдим далага,

Кетдим майсалардан олмай кўзимни.

Қалбим осойишта, кўнглим беғубор,

Офтоб нурлари силар юзимни.

Енгил борар эдим марзалар бўйлаб,

Қушлар учар эди кўм-кўк ҳавода,

Сувлар ўз куйига борлиғим ўраб

Эркин оқар эдик ширин навода;

Қайдан пайдо бўлди, билмайман ҳали,

Қаршимда бир барно йигитни кўрдим.

Шу он кўкрагимда бир нарса ёниб,

Унинг оташида мен беҳол турдим.

Бутун авзойимда ўша ўт юрди,

Кўзим унга тўнди, тилим бўлди лол,

Ҳамон сочар эди бўйини жийда,

Сувлар оқар эди ариқда зилол...

Аста бурилдиму булоқ лабига,

Шаффоф сувларига ювдим юзимни.

Унинг замзамали ойинасида

Гўзал ва бахтиёр кўрдим ўзимни.

Ҳовуч-ҳовуч олиб муздек сув ичдим,

Лекин ҳароратни этди зиёда.

Юрагим ўртанди беҳад, беомон,

Гўё ғарқ бўлгандим ўтли дарёда.

Ўша ўтли дарё зўр тўлқинида,

Тотли бир лаззатда пар каби оқдим.

Юрак куйга кирди ишқ ёлқинида,

Шу ишқ китобига илк марта боқдим.

Шундан бери ўтди қанча баҳорлар,

Қанча мармар тонгнинг чиқди қуёши.

Беҳад сулув эди, кўп сулув эди —

Менинг юрагимнинг ишқ тонгин боши.

Ҳар баҳор фаслининг шундай тонгини

Юлдузлар кетмасдан кутаман боғда.

Гўзал хотиротга тўлади қалбим,

Еллар сулув тонгни эслатган чоғда.

Гўё келтиради сабо, қуёш, гул

Ёшлик баҳоридан чексиз нашида,

Севги парисидай эркалар мени

Атирдай бўйини сочганда жийда.

ЗУЛФИЯ,

Ўзбекистон халқ шоири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер