Самарқандлик китобхонларга Янги Ўзбекистоннинг “Юксалиш симфонияси” тақдим этилди

18:20 11 Март 2026 Жамият
229 0

Самарқанд давлат университетининг Ургут филиалида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, таниқли шоир ва ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдусаид Кўчимовнинг “Юксалиш симфонияси” деб номланган янги китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирни Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очиб берди.

- “Юксалиш симфонияси” муҳтарам Президентимизнинг халқпарвар, инсон қадрини улуғлашга қаратилган сиёсати самарасида ўзгараётган шаҳар ва қишлоқларимиз, улкан бунёдкорлик ишлари ва халқимиз онгу тафаккури, дунёқарашидаги ўсиш ҳақида ҳикоя қилади, — деди профессор Рустам Холмуродов. – Маълумки, кейинги 10 йил ичида мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида буюк ишлар амалга оширилди. “Юксалиш симфонияси” бу эврилишларнинг фалсафаси, моҳияти ва ҳаётбахш маъносини одамларга оддий тилда шарҳлаб, тушунтирадиган асар ҳисобланади.

Тақдимотда шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Ҳусан Тўхтаев, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари таҳририяти бош муҳаррири, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ҳусан Эрматов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Қозоқбой Йўлдошев, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев ва университетнинг профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар сўзга чиқиб, янги китобнинг мазмун-моҳияти, унинг маънавий-тарбиявий аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдиришди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда 10 йил муқаддам бошланган бунёдкорлик яратувчанлик ва юксалиш жараёнлари, ҳаётбахш ислоҳотларнинг бош меъмори ва илҳомчиси Муҳтарам Президентимиз ҳисобланади.

Ана шу ислоҳотларнинг энг ёрқин рангларида намоён бўлган ҳудуд – Самарқанддир. Шу сабабли адиб ўз китобини “Ер юзининг сайқали ёки мақолага сиғмаган Самарқанд” деган сермаъно сарлавҳали мақола билан бошлайди. Бу мақолада баён этилганлар ҳақиқатан ҳам бир мақолага сиғмайди, уни ўқиган кишининг кўз ўнгида 10 йил каби тарих учун қисқа вақт давомида қадимий ва навқирон Самарқанддаги ислоҳотлар, амалга оширилган бунёдкорлик ишлари кино лентасидай ўтади.

Президентимизнинг ташаббуси билан қисқа вақт ичида қурилган Самарқанд — Ургут темир йўли, юртбошимиз ташаббуси билан бундан атиги 7-8 йил олдин барпо этилган “Ургут эркин иқтисодий зонаси”, исми жисмига монанд “Боқий шаҳар”деб ном берилган Самарқанд Туризм маркази, осмонўпар бинолари билан машҳур Қорасув массиви кейинги 6-7 йил ичида Самарқанднинг кўрки бўлиб, 3 минг ёшли бу шаҳарни яшартирди, дунёнинг энг жозибали ва обод туризм шаҳарларига айлантирди. Хуллас, мақолани ўқир экансиз, адибнинг диққат эътиборидан Самарқандда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бирор қирраси четда қолмагани, бу масканда амалга оширилган барча ҳаётбахш ўзгаришларни адиб ажиб бир меҳр билан тасвирлаганининг гувоҳи бўламиз.

Мамлакатимиздаги ислоҳотлар йилномаси бўлган, ушбу китобда она-юртимизнинг ҳар бир вилоятида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари қамраб олинган. Зеро, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан ҳаётбахш ислоҳотлар Ўзбекистоннинг ҳар бир минтақаси, вилояти, шаҳри, тумани, қишлоғида ҳар кун, ҳар соат, ҳар он инсонларнинг кўз ўнгида, халқимизнинг бевосита иштироки ва шижоати билан юз бермоқда. Жамиятдаги буюк маънавий кўтаринкилик, инсонларда давлатимизга ва эртанги порлоқ истиқболимизга ишонч – шундан.

Қорақалпоғистон Республикаси – бу қардош, туғишган элнинг турмуши, унинг муаммолари, эҳтиёжлари ҳар доим Президентимизнинг диққат марказида. Қорақалпоқ қардошларимизнинг кўзларида шодлик учқунлари порлаши учун Президентимиз ўзининг бор куч-ғайратларини, жамият ва давлатнинг барча имкониятларини сафарбар қилмоқдалар.

“Оппоқ кўкси эзгуликка тўлган эл” мақоласида адиб Қорақалпоқ диёрининг юксалиши бу ерда ўн йиллардир тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш баробарида ҳудудда янги саноат тармоқларини, замонавий ишлаб чиқаришни барпо этиш орқали юз бераётганини таъкидлайди.

“Юксалиш симфонияси” китобининг Тошкент шаҳридаги юксалиш жараёнларидан ҳикоя қилувчи “Президент кўчат экмоқда”, Хоразмдаги ислоҳотлар натижаларидан ҳикоя қилувчи “Қуёш юрти Хоразм” бобларида, Фарғона водийси вилоятларига бағишланган мақолаларда, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё, Бухоро ва Жиззах вилоятларидаги бунёдкорлик ишларининг таърифига бағишланган қисмларида ҳам адиб бирдай — халқни улуғ режаларга, яратувчиликка илҳомлантирадиган, инсон қадр-қийматини ҳар нарсадан устун қўйган, ўзининг Президент, фуқаро ва инсон сифатидаги бутун фаолиятини Ўзбекистон деб аталмиш Ватаннинг тараққиёти, ўз жонажон халқининг фаровонлигига бағишлаган буюк инсоннинг сиёсий портретини, яратувчи, танти ва фидокор халқининг ҳақиқий сўзли сиймосини яратади.

Худди мана шу жиҳатлари учун ҳам бу китобни ҳар бир киши ўқиши ва ундаги ғоя ва тушунчаларни ўзлаштириб олиши керак. Чунки, бу Ўзбекистондаги буюк ўзгаришларнинг, юксалишнинг ёрқин ифодасидир.

Бундай маърифий учрашувлар эса ёшлар қалбида китобхонлик маданиятини мустаҳкамлаш, уларнинг юртга, адабиётга бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер