Самарқанддаги Қулдортепа ёдгорлигида қадимий деворий сурат ва суғд тангалари топилди
Фото: Самарқанд археология институти
Самарқанд вилояти Ургут туманида жойлашган Қулдортепа ёдгорлигида илк ўрта асрларга оид деворий сурат ва суғд тангалари топилди. Бу ҳақда Самарқанд археология институти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, энг муҳим топилмалардан бири — ибодатхонанинг дастлабки қурилиш даврига оид деворий суратлардир. Оқ фон устидан қизил ва қора рангларда ишланган бу тасвирларда геометрик нақшли фриз безаклари яққол кўзга ташланади.
Шунингдек, ибодатхонадан қатор ноёб ашёлар ҳам топилган. Хусусан, узунлиги 4,75 метрли арча устун, Хитойнинг Хан сулоласи даврида ишлаб чиқилган ойна, шунингдек, Суғд ҳукмдори Уккурт Чамук тангалари аниқланган. Айни пайтда Самарқанд археология институти мутахассислари топилган деворий суратларни консервация ва реставрация қилиш ишларини олиб бормоқда.
Мазкур ёдгорлик қадимги Хитой ёзма манбаларида Ми ёки Мимохе, араб-форс манбаларида эса Маймурғ номи билан тилга олинган ва муҳим рустоқ марказ сифатида қайд этилган.
Сўнгги йилларда бу масканда Ўзбекистон – Япония ҳамда Ўзбекистон – Германия олимлари ҳамкорлигида олиб борилган археологик тадқиқотлар давомида илк ўрта асрларга оид ибодатхонанинг сиғиниш хонаси, устунли айвон ва йўлакли хоналар ўрни очиб ўрганилди.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, Қулдортепа топилмалари илк ўрта асрларда Суғдда кечган диний жараёнлар, меъморчилик ва маданий анъаналар ҳақида янги ва муҳим маълумотларни тақдим этмоқда.
Маълумот учун, ўрта асрларга оид бўлган ушбу ёдгорлик Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сонли қарори билан моддий маданий мероснинг миллий рўйхатига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг