Самарқандда V Миллий касблар чемпионати бошланди

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Самарқандда “Worldskills Samarkand — 2025” V Миллий касблар чемпионати бўлиб ўтмоқда. Чемпионатнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳруҳ Далиев, Ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси бошқарув раиси Фарруҳжон Жўраев, Швейцариянинг Ўзбекистонда касбий таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш лойиҳаси раҳбари Симоне Страсбургер ва бошқалар сўзга чиқиб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Worldskills Uzbekistan” ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси билан ҳамкорликда ўтказилаётган мусобақада республикамизнинг барча вилоятларидан 146 нафар иштирокчи 4 та касб (ҳамширалик иши, сантехника технологияси, пайвандлаш технологияси ҳамда электромонтаж) бўйича ўз маҳоратини синовдан ўтказмоқда. Чемпионат шартига кўра, ҳар бир вилоятдан битта касб бўйича битта таълим муассасасидан 1 нафар ўқувчи ва 1 нафардан эксперт ўқитувчи қатнашмоқда.
Иштирокчиларга қулай бўлиши учун халқаро даражадаги асбоб-ускуна ва жиҳозлар келтирилган. Жараённи 19 нафар ўзбекистонлик, 12 нафар Қозоғистон, Швейцария ва Германиянинг “ESAB” компанияси вакиллари эксперт сифатида баҳолаб бормоқда. Мусобақа низомига мувофиқ, мусобақада 1-, 2- ва 3-ўринларни қўлга киритган иштирокчилар жорий йилнинг 23-27 ноябрь кунлари Тайванда ташкил этиладиган “WorldSkills Asia Competition Taipei 2025” халқаро касблар чемпионатида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
“WorldSkills” мусобақаси илк бор 1947 йилда Испанияда Иккинчи жаҳон уруши натижасида вайрон бўлган давлатларнинг айримларида ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш мақсадида ташкил этилган. Ишчи касблар бўйича жаҳон чемпионати ҳар икки йилда бир марта ўтказилади ва “ишчилар учун олимпиада” деб ҳам номланади. 2017 йилда Бирлашган Араб Амирлигида “WorldSkills Abu Dhabi 2017”, 2019 йилда Россиянинг Қозон шаҳрида “45 WorldSkills” мусобақалари бўлиб ўтган. Мусобақада 17 ёшдан 22 ёш ёшгача бўлган ёшлар иштирок этади.
— Касблар чемпионатининг пайвандлаш технологияси бўйича илк бор қатнашяпман, — дейди Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги 2-сон политехникум ўқувчиси Сардорбек Эгамбердиев. — Печкаларни ясашда фойдаланиладиган қаттиқ жисмга пайвандлаш ишларини олиб бордим. Ишимни хорижлик экспертлар юқори баҳолади. Насиб қилса, кейинги босқичларда ҳам юқори натижага эришиб, Тайванда 40 та давлат вакиллари иштирокида ўтказиладиган халқаро ишчи касблар чемпионатига йўлланма оламан.
Миллий касблар чемпионати 31 январга қадар давом этади. Мусобақа доирасида миллий касбий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиликлар, эришилган натижалар, тажрибалар ва олдимизда турган долзарб вазифалар бўйича профессионал мутахассислар иштирокида “Ўзбекистонда касб-ҳунар таълими тизимини янада ривожлантириш” мавзусида форум ҳам ўтказилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг