Самарқандда «Ўзбекистон Дубайи» барпо этилмоқда. Унда 52 қаватли уйлар бўлади

20:16 08 Май 2024 Жамият
485 0

Фото: "Халқ сўзи"

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳрига туташ ҳудудда янги қурилажак «Ширин» массиви Самарқанднинг шимолий қисмида, Зарафшон дарёси бўйида қарийб 10 километр узунликда жойлашади.

Шаҳарчанинг мастер режасига асосан массивда 12-52 қаватли тураржойлар қурилиб, 180 минг аҳоли истиқомат қилиши кўзда тутилган. Таққослаш учун, ҳозирги кунда вилоятнинг Оқдарё туманда 170 минг атрофида аҳоли истиқомат қилади.

Ширин шаҳарчасида кўп қаватли турар-жойлардан ташқари, бизнес марказлар, офис ва кўнгилочар мажмуалар билан бирга ижтимоий соҳа объектларини ҳам қуриш белгиланган. Жумладан, 1320 ва 1650 ўринли 12 та LEGO усулида умумтаълим мактаблари қурилади. Худди шундай 30 та 400 ўринли давлат боғчалари қурилиши режалаштирилган.

Шунингдек, учта тиббиёт бирлашмаси, тўртта хусусий клиника, иккита олий ўқув юрти, иккита IT парк бўлади.

Шаҳарчанинг умумий майдони 665 гектар майдонни эгаллайди. Жами бино ва иншоотлар шаҳарчанинг 20 фоизини ташкил қилади.

— Массивни ўн-йигирма йилга мўлжаллаб қурмоқчи эмасмиз. Келажакда қандайдир ноқулайлик ва муаммолар юзага келмаслиги керак. Эртани ўйлаб ҳаракат қиляпмиз, хато қилишимиз мумкин эмас, — деди Ширин дирекцияси директори Акбарали Қаюмов. — Шунинг учун ҳам шаҳарсозликда яхши тажрибага эга бўлган хорижлик ишбилармон-инвесторлар, соҳа етакчиларининг кўмагидан фойдаланишни режа қилганмиз.

Дирекция шаҳар қурилишида биринчи навбатда атроф-муҳит мусаффолиги, табиат дахлсизлигига алоҳида эътибор қаратган. Яшил ҳудудлар, сув ҳавзалари ва боғлар лойиҳанинг салмоқли қисмини эгаллайди.

Ширин массиви бош режа лойиҳасига асосан қурилиши кўзда тутилган лотлар аллақачон савдога чиқарилган бўлиб, улар тадбиркорлар томонидан сотиб олинмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер