Самарқандда CITES CoP20 халқаро конференцияси иш бошлади

16:13 24 Ноябрь 2025 Жамият
384 0

Самарқанд шаҳрида Йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турларининг ноқонуний савдосига қарши кураш тўғрисидаги Конвенция (CITES) иштирокчи мамлакатларининг 20-конференцияси ўз ишини бошлади.

Халқаро форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳамда CITES Бош котиби Ивонн Игуеро иштирокчиларга мурожаат қилди.

Таъкидланганидек, «CITES CoP20» ташкилотнинг 50 йиллик тарихида муҳим воқеа бўлиб, табиат ва инсон манфаатлари уйғун ривожланадиган келажакни барпо этишга қаратилган глобал саъй-ҳаракатларни бирлаштиради.

Конференциянинг Самарқандда уюштирилиши халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда навбатдаги қадам бўлиб, Ўзбекистоннинг ёввойи табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш борасидаги қатъий позициясини яна бир бор тасдиқлади.

Форумда 184 мамлакат ва Европа Иттифоқидан 3000 дан ортиқ вакил — давлат идоралари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, илмий доиралар, экспертлар ва нодавлат сектори иштирок этмоқда. Асосий эътибор биохилма-хилликни сақлаш, йўқолиб бораётган турларни муҳофаза қилишда халқаро савдо механизмларини такомиллаштириш ва глобал ҳамкорликни кучайтириш масалаларига қаратилган.

Анжуманда келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш мақсадида «Samarkand AI-Hub» маслаҳат платформасини яратиш, ноқонуний айланмага қарши санкцияларни мувофиқлаштириш ва жавобгарлик чораларини кучайтиришга қаратилган янги механизм ишлаб чиқиш таклиф этилди.

5 декабрга қадар давом этадиган «CITES CoP20» доирасида ёввойи табиатни ҳимоя қилишга қаратилган қатор ялпи мажлислар, Конвенция иловаларига ўзгартишлар муҳокамаси, тематик панеллар ва юқори даражадаги учрашувлар ўтказилади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?