Самарқандда чиқиндиларни қайта ишлаш ва бошқаришда амалий ишлар давом этмоқда

19:29 02 Май 2025 Жамият
190 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили ўртача 7,1 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Шундан 0,7 миллион тоннаси қайта ишлашга жалб қилинган бўлиб, бу кўрсаткич 21,9 фоиздан 25 фоизгача оширилган. Қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида мамлакат миқёсида амалий чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, 36 та чиқинди полигонларининг рекултивация қилиниши натижасида 223 гектар ер майдони давлат захирасига қайтарилган ва 0,7 миллион тонна иссиқхона газлари атмосферага тарқалишининг олди олинган.

Самарқанд вилояти мисолида оладиган бўлсак, ҳар бир киши ойига ўртача 24,4 килограмм чиқинди чиқармоқда. Бу 4 киши яшайдиган хонадондан ойига тахминан 100 килограмм чиқинди чиқарилишини англатади. Вилоятда ҳар куни 1381 тонна турли хилдаги чиқиндилар 16 та полигонга жойлаштирилмоқда. 2024 йилнинг ўзида 604 минг 200 тонна маиший, қаттиқ ва қурилиш чиқиндилари ушбу полигонларга ташланган.

Айни пайтда вилоятда 24 та чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари ва 100 дан ортиқ иккиламчи хомашёни тўплаш ҳамда пресслаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда. Улар орқали 15 турдан ортиқ иккиламчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Президент фармонига асосан, «Тоза ҳудуд» ДУК ва ободонлаштириш бошқармаларига тегишли чиқинди полигонлари «Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси» давлат муассасасига ўтказилди. Бу ташкилот ҳокимлик ва маҳаллий фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш бўйича тизимли фаолият юритмоқда.

«Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили» Давлат дастури доирасида чиқинди полигонларини 20 фоизга қисқартириш, чиқиндиларни саралаб йиғиш маданиятини жорий этиш каби вазифалар белгиланган.

Ҳозирда вилоят ҳудудий бошқармасига қарашли 16 та маиший чиқинди полигони, шунингдек, Булунғур ва Қўшработ туманларида қурилиш, Нурободда эса токсик чиқиндилар полигони фаолият юритмоқда.

— Шу кунгача вилоятдаги чиқинди ташиш билан шуғулланувчи 50 дан ортиқ корхона ва ташкилот билан ўзаро шартнома имзолаганмиз, — дейди чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Шерзод Эгаммуродов. — Улар томонидан полигонларга кунига 1,5 минг тоннадан зиёд маиший ва қурилиш чиқиндилари келтирилмоқда. Айни вақтда Жомбой ва Иштихон туманларидаги чиқинди полигонларида рекультивация ишлари якунига етказилди. Майдонлар тўлиб қолганлиги сабабли улар ўз фаолиятини тўхтатди. Жомбой туманида йиғилган чиқиндилар эса ҳозирча Булунғурдаги полигонга ташиб борилмоқда.

Айни вақтда шаҳар ва туманларда «Мароқанд обод», «Тоза ҳудуд», «Анваржон бизнес«, «Мансурбек сервис», «Голд Маржонабегим» ҳамда «Каттақўрғон обод сервис» каби корхоналар чиқинди ташиш хизматларини амалга оширмоқда. Бироқ ҳозирча барча полигонларда чиқиндиларни саралаш ишлари йўлга қўйилмаган. Фақат «Анваржон бизнес» ва «Мансурбек сервис» МЧЖларида темир, қоғоз, пластмасса, шиша маҳсулотларини саралаб қайта ишлаш ташкил этилган.

— Чиқинди полигонимиз 2,4 гектар майдонда жойлашган бўлиб, айни вақтда тўлиб қолганлиги сабабли ўз фаолиятини тўхтатди, — дейди Иштихон тумани чиқинди полигони бошлиғи Зопир Муродов. — Кўп йиллардан буён чиқиндиларни саралаш ишлари олиб борилмасдан, ерга кўмиб юборилаверган. Туманнинг Бўстон маҳалласи ҳудудидаги ташландиқ майдонда янги полигон ташкил этиш ишларини олиб боряпмиз.

Яқин келажакда чиқиндиларни энергияга айлантириш орқали самарали утилизация қилиш режалаштирилган. Хусусан, Хитойнинг «Shanghai SUS Environment» компанияси томонидан 2025–2026 йилларда Самарқандда йилига 500 минг тонна чиқиндини термик усулда қайта ишлашга ихтисослашган завод барпо этилади. Умумий қиймати 155 миллион доллар бўлган лойиҳа амалга оширилса, 240 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши, 15 минг хонадон электр энергияси билан таъминланиши ва 150 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, вилоятда чиқинди полигонларининг атрофи тўлиқ ўраб олинмаган, чиқиндиларни вақтли ташиш ва утилизация қилиш ишлари ҳануз талаб даражасида эмас. Ҳозирча фақатгина Каттақўрғон шаҳри, Иштихон, Булунғур ва Ургут туманларида автотарози ва кузатув камералари ўрнатилган.

Янги ташкил этилган «Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси» олдида эса муҳим вазифалар турибди. Жумладан, чиқиндиларни турига қараб саралаб йиғиш, махсус контейнерлар ўрнатиш, аҳоли ўртасида экологик маданиятни шакллантириш ва қайта ишлашнинг аҳамиятини тушунтириш лозим.

Мутахассислар фикрича, хорижий ҳамкорлар билан ишлаш орқали чиқиндиларни бошқаришда циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш мумкин. Бу эса экологияни муҳофаза қилиш, санитария ҳолатини яхшилаш, хавфли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, табиий ресурсларни тежаш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш имконини беради. Шунингдек, мавжуд полигонлар негизида экосаноат зоналари ташкил этишга асос бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?