Самарқандда 2 та янги автостанция қурилади

14:25 29 Январь 2026 Жамият
312 0

Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳри бўйича ишлаб чиқилган транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Бош режасига асосан 2024-2025 йилларда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятда 314 та йўналишда 3241 та транспорт воситаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, 27 минг 191 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган ҳолда йўналишсиз такси хизмати кўрсатиш фаолияти билан шуғулланмоқда. 2025 йил давомида аҳолининг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб, қишлоқларни туман маркази, туман марказини вилоят маркази билан боғлаш учун 10 та йўналиш очилди. Йил давомида 101 миллион йўловчига хизмат кўрсатилди ва хизмат ҳажми ўтган йилга нисбатан 18,4 фоизга ошди. Янги автовокзал ва автостанциялар қурилди.

- Шаҳар жамоат транспортида тўлиқ электрон тўлов тизими жорий этилди — деди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Равшан Тожиев. — Аҳолига банк карталари, АТТО ягона транспорт картаси ҳамда QR кодли чипталардан йўлкира ҳақини тўлаш имконияти яратилди. QR кодли чипталарни харид қилиш учун 100 га яқин бекатда ҳамда аҳоли гавжум бўлган 800 га яқин нуқтада инфокиосклар ўрнатилди. Бунинг натижасида электрон тўлов улуши 50 фоизга етди. Брутто-шартномаси орқали хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига 2024 йилда 13,9 миллиард сўм тўланган бўлса, 2025 йилда 62,7 миллиард сўм тўлаб берилди. Самарқанд шаҳрининг туристик салоҳиятидан келиб чиқиб, Самарқанд шаҳри бўйлаб хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун тарихий масканларни боғловчи икки қаватли “дабл-деккер” туристик йўналишдаги автобуслар хизмати йўлга қўйилди.

Бу борадаги ишлар 2026 йилда ҳам давом этади. Жумладан, бу йил Пайариқ туманида реконструкция қилинган Имом Бухорий мажмуаси очилиши муносабати билан мазкур ҳудудга ташриф буюрувчи хорижий ҳамда маҳаллий зиёратчиларга сифатли транспорт хизматини ташкил этиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги темир йўл вокзали, аэропорт, Амир Темур мақбараси ва Имом Бухорий мажмуаси ўртасида учта янги йўналиш ташкил этилиб, замонавий автобуслар қатнови йўлга қўйилади. Самарқанд шаҳрида электробуслар улушини ошириш мақсадида йилнинг биринчи ярмида 50 та, йил якунига қадар яна 250 та электробус олиб келиниши режалаштирилган. Шаҳарда тирбандликларнинг олдини олиш учун ҳудудлардан кириб келувчи транспорт воситаларини шаҳар ташқарисида тўхтатиш мақсадида 2 та автостанция қурилади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер