Самарқанд вилоятида жиноятчилик ҳолати ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар таҳлил қилинди

11:16 29 Январь 2026 Жамият
267 0

Маълумотларга кўра, ўтган йили Самарқанд вилоятида жами 15 998 та жиноят ҳисобга олинган бўлиб, бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан қарийб 70 фоизга ошганини англатади. Қайд этилишича, жиноятларнинг 7 601 таси (48 фоизи) ахборот технологиялари соҳасига тааллуқли бўлиб, ушбу йўналишдаги жиноятлар салмоғи сезиларли даражада ортган.

Шу билан бирга, вилоят прокуратураси органлари томонидан 429 та жиноятнинг ҳисобдан яширилгани аниқланиб, улар белгиланган тартибда марказлашган жиноятлар ҳисоботига киритилиши таъминланди.

— Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 3 январдаги «Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг эрта олдини олиш ҳамда криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган янги механизм жорий этилди, — деди вилоят прокурори Муродқосим Эшназаров. — Барча туман ва маҳаллалар кесимида чораклик манзилли «йўл хариталари» ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.

Натижада маҳаллаларда 404 та ўғрилик, безорилик ва бошқа турдаги жиноятлар, шунингдек, 476 нафар шахснинг жиноят қурбони бўлишининг олди олинди. Шу даврда 6 128 та жиноят фош этилди, 1 110 нафар қидирувда бўлган шахс ушланди, шунингдек, аввал ҳисобга олинмаган 3 241 та жиноят аниқланди.

Қайд этилишича, жиноят содир этилган маҳаллалар сони ойма-ой камайиб бормоқда. Жумладан, «қизил» тоифага киритилган маҳаллалар сони 118 тани ташкил этиб, бу 2024 йилга нисбатан сезиларли камайишни кўрсатади. Тегишли идоралар ва маҳаллалар билан ўзаро ҳамкорлик натижасида вилоятда қотиллик, босқинчилик, номусга тегиш, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари каби аҳоли кайфияти ва жамоат хавфсизлигига бевосита таъсир этувчи жиноятлар камайишига эришилди.

Шу билан бирга, таҳлиллар 2025 йилда содир этилган қотиллик ва тан жароҳати етказиш жиноятларининг салмоқли қисми оилавий-турмуш муносабатларидаги келишмовчиликлар билан боғлиқ эканини кўрсатмоқда. Хусусан, зўравонлик ва тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятларнинг 32 фоизи (269 та) ҳамда қотилликларнинг 51 фоизи (18 та) айнан оилавий низолар оқибатида содир этилган.

Шу боис, «Оиладаги соғлом муҳит — хавфсиз кўча ва хавфсиз маҳалла таянчи» тамойили асосида оилалардаги маънавий-руҳий муҳитни соғломлаштириш, ижтимоий профилактика тизимини янада такомиллаштириш ҳамда низоларни барвақт аниқлашга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?