“Самарқанд сув таъминоти” АЖ истеъмолчилари сони 376 минг нафарга етди

15:48 20 Январь 2026 Жамият
289 0

Самарқанд вилоятида ўтган йили ичимлик суви таъминоти соҳасида бир қатор лойиҳалар доирасида катта ишлар амалга оширилди.

Ўтган йилгача ҳатто вилоят маркази Самарқанд шаҳрида ҳам кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли учун ичимлик суви катта муаммо эди. Энг катта ўзгаришлардан бири шу пайтгача соатбай сув билан таъминланган Самарқанд шаҳрида яшовчи 42 минг аҳолининг туну-кун узлуксиз тоза ичимлик суви таъминоти билан қамраб олиниши бўлди.

Сўнгги йилларда соҳага давлат томонидан қаратилган эътибор, йирик дастурлар доирасида амалга оширилган ишлар натижасида вазият мутлақо ўзгарди. Эндиликда Фарҳод шаҳарчасидаги 2 та маҳаллада жойлашган кўп қаватли уй-жойларда истиқомат қилувчи 1021 нафар аҳолининг ичимлик сув таъминотини узлуксиз режимга ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

Вилоят аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида йил давомида шаҳар ва туманларда 59,3 километр ичимлик сув тармоқлари тортилди. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 8 та сув иншооти қурилиб, 4 таси реконструкция қилинди ҳамда 51,6 километр янги ичимлик сув тармоқлари ташкил этилди. Сув иншоотларига 104 дона янги насос ускуналари ўрнатилди.

Натижада ўтган йил “Самарқанд сув таъминоти” корхонаси хизматидан фойдаланадиган истеъмолчилар сони қарийб 20 минг нафарга кўпайиб, вилоят бўйича 376 минг нафарга етди. Истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги эса 2025 йил бошида 42 миллиард 647 миллион сўмни ташкил этган бўлса, йил якуни билан 11 миллиард 870 миллион сўм (28 фоиз)га камайишига эришилди.

Бугунги кунда тизимда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, сув ва оқова иншоотларига қуёш панеллари ўрнатиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича манзилли дастурлар амалга оширилмоқда.

- Вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида қуёш панеллари орқали олинган электр энергиясидан фойдаланиш ва бунинг натижасида тоза ичимлик суви ва оқова учун электр энергияси харажатларини камайтиришни асосий устувор вазифалардан бири сифатида белгилаганмиз, — дейди “Самарқанд сув таъминоти” акциядорлик жамияти раҳбари Толиб Бобоев. — Бу борада ўтган йил Жомбой туманида тажриба-синов тарзида барча сув иншоотларимизда қуёш панеллари ва зарур ускуналар ўрнатдик. Бунинг учун ўз маблағимиз ҳам кредит ҳисобидан қарийб 1 миллиард сўм сарфланди. Натижа жуда яхши бўлди ва истеъмолчиларга ичимлик суви етказиб бериш ва оқова хизматлари учун сарф бўладиган электр энергияси сарфи камайди. Энг муҳими, хизмат кўрсатиш сифати ошди. Энди бошқа туман ва шаҳарларни ҳам шу тарзда навбати билан тўлиқ муқобил энергия манбаларига ўтказиш бўйича иш олиб боряпмиз.

Соҳанинг моддий техник ҳолатини яхшилаш ҳамда хизматчиларга қулайлик яратиш мақсадида ўтган йили жами 28 та махсус-техникалар ҳарид қилинди. Бунинг натижасида жамиятнинг шаҳар ва туманлар филиаллари тасарруфидаги объектларда носозликларни қисқа муддатларда бартараф этишда бир қатор қулайликлар яратилишига эришилди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер