Сайлов жараёнларини рақамлаштириш: хориж ва Ўзбекистон тажрибаси

18:14 05 Сентябр 2024 Сиёсат
907 0

Сир эмас, бугун демократик жараёнларни рақамлаштириш давлат бошқарувини модернизация қилиш ва фуқароларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини ошириш йўлида муҳим қадам ҳисобланади. Буни бугунги кунда замонавий ахборот технологияларининг сайлов жараёнига таъсири сезиларли даражада ортиб бораётгани мисолида ҳам буни кузатиш мумкин. Зеро, сўнгги даврда юртимиз сайлов амалиётида ахборот-коммуникация технологиялари янги имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича илғор тажриба тўпланди. Бу эса фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг Ўзбекистон Конституцияси ва миллий қонунчилик ва халқаро сайлов стандартлари асосида амалда таъминланишига замин яратмоқда.

Яратилган шароитлар таҳлили

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 октябрдаги «Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва юритиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари асосида сайлов жараёнларини бошқаришнинг ахборот тизими яратилди, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш йўлга қўйилди. Бу соҳада эришилган натижаларни олдинги сайловлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда мунтазам такомиллаштириш чоралари кўриб келинмоқда.

Ўтган йиллар давомида Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (СЖБАТ), сайловчилар ягона электрон рўйхати (СЯЭР), сайлов жараёнларини видеокузатув, интерактив хизматларга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг янгиланган расмий веб-сайти, шунингдек, электрон почта, махсус телеграм бот, фейcбук, инстаграм, ютуб ва твиттердаги саҳифалар, сайлов комиссиялари аъзолари тезкор фойдаланишлари учун махсус мобил иловалар ишга туширилди.

2024 йил 19 июлда Марказий сайлов комиссиясининг «E-saylov» ахборот тизими регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. «E-saylov» ахборот тизими орқали сайлов комиссиялари сиёсий партиялар, номзодлар, кузатувчилар, ОАВ билан деярли 60 турдаги муносабатлари тўлиқ электрон тарзда амалга оширилади.

Ахборот тизими бошқа электрон платформалар билан интеграция қилинган бўлиб, сайлов билан боғлиқ кўпгина тартиб-қоидалар инсон омилисиз тўлиқ автоматлаштирилган тарзда олиб борилади.

Таҳлилларга кўра, мазкур тизимда 400 мингга яқин сайлов жараёни иштирокчилари, жумладан, сайлов комиссиялари аъзолари, депутатликка номзодлар, кузатувчиларга оид маълумотлар базаси шаклланади. Ахборот тизимидан сайлов жараёнининг 32 минг нафар иштирокчилари профессионал тарзда фойдаланади. Фойдаланувчилар билан 40 турдаги SMS-хабарномалар орқали мулоқот ўрнатилади.

Шунингдек, «E-saylov» ахборот тизимида фуқаролар учун ҳам сайловга оид ахборотни олишда қатор қулайликлар жорий этилган. Хусусан, ахборот тизими сайловчилар ва сайлов участкаларига оид статистика маълумотларини олиш, барча турдаги сайловлар бўйича депутатликка номзодлар ҳақида ахборотга эга бўлиш, интерактив хариталарда депутатликка номзодлар ва уларнинг таржимаи ҳоли билан танишиш имконини беради.

Чет давлатлар амалиёти

Сайлов жараёнини рақамлаштириш ҳозирги кунда жаҳон миқёсида муҳим ҳисобланади. Бу жараён сайловларнинг шаффофлигини таъминлаш, вақт ва ресурсни тежаш, шунингдек, овоз бериш жараёнини соддалаштириш мақсадида жорий этилмоқда. Айниқса, COVID-19 пандемияси даврида ижтимоий масофани сақлаш зарурати билан боғлиқ равишда электрон овоз беришга бўлган талаб ортиб борди. Бундан ташқари, рақамлаштириш сайлов кампаниясида турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Рақамли сайлов тизимлари илк маротаба асримизнинг бошларидан бир қатор тараққий этган давлатларда йўлга қўйилган. Эстония 2005 йилда биринчи марта тўлиқ электрон овоз бериш тизимини жорий қилган давлат сифатида тарихга кирди. АҚШ ва Европа Иттифоқининг қатор давлатларида ҳам электрон сайловларни жорий қилиш бўйича тажриба амалга оширилди.

Жумладан, АҚШда сайловчиларнинг рўйхатга олишини яхшилаш ва уларнинг маълумотларини янгилаш учун «Electronic Registration Information Center» (Электрон рўйхатга олиш Ахборот Маркази — ERIC) марказлашган электрон тизими ишлаб чиқилган. ERIC тизими сайтларга ва штатларга сайловчиларнинг тўғри рўйхатга олинишини, маълумотларни текшириш ва аниқлаштириш имконини беради.

Эстонияда сайлов жараёнларини бошқаришда асосан «State Electoral Office» (Давлат Сайлов Идораси) томонидан кўплаб рақамли платформалар ва тизимлар фойдаланилади. Бу платформалар сайлов жараёнларини самарали бошқариш ва модернизация қилишга қаратилган.

Жумладан, «Register of Voters» (Сайловчилар Рўйхати) – бу электрон базада сайловчилар маълумотлари сақланади, янгиланади ва текширилади. Сайловчилар рўйхатини таъминлаш ва тўғрилаш учун марказлашган электрон платформа ҳисобланади.

Шунингдек, Эстонияда «e-Administration» (Электрон маъмурият) тизими ҳам жорий этилган бўлиб, у сайлов жараёнларини электрон тарзда бошқариш ва назорат қилишга қаратилган маъмурий платформа сифатида фойдаланилади. Бу тизим орқали сайлов жараёнини бошқаришга қаратилган фаолият, молиявий ҳисоботлар, партиялар ва номзодлар фаолияти назорат қилинади.

Жанубий Кореяда сайлов жараёнларини бошқариш ва сиёсий партияларни рўйхатга олиш «National Election Commission» (Миллий Сайлов Комиссияси — NEC) томонидан амалга оширилади. Шунингдек, бу давлатда сиёсий партияларни рўйхатга олиш ва сайлов жараёнларини бошқариш учун «e-Registration System» (Электрон рўйхатга олиш тизими — ERS) — платформасидан фойдаланади. Бу тизим NEC томонидан амалга оширилади ва сиёсий жараёнларни автоматлаштириш, марказлаштириш ва осонлаштириш мақсадида ишлатилади.

ERS Жанубий Кореяда сайлов жараёнларини автоматлаштириш, марказлаштириш ва осонлаштиришда муҳим роль ўйнайди. Тизим партияларни рўйхатга олиш, номзодларнинг маълумотларини бошқариш ва сайлов жараёнларини аниқ ва самарали тарзда ташкил этишда ёрдам беради. Бу эргономик ва хавфсиз платформа сайлов жараёнларининг шаффофлигини ва аниқлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга. ERS партиялар ва номзодлар ҳақидаги маълумотларни марказлашган маълумотлар базасида сақлайди. Бу маълумотлар тизимда автоматлаштирилган тарзда бошқарилади ва янгиланади. Сиёсий партиялар ва номзодлар учун онлайн порталлар мавжуд бўлиб, улар орқали рўйхатга олиш, маълумотларни текшириш ва янгилаш мумкин.

Францияда сайлов жараёнларини бошқариш марказлашган ҳолда амалга оширилади, ва бу жараёнларнинг самарали, шаффоф ва хавфсиз ўтиши учун турли электрон платформалардан фойдаланилади. Сайлов жараёнларини ташкил этиш ва бошқаришда Франция Ички ишлар вазирлиги (Ministère de lʼIntérieur) асосий масъулиятни ўз зиммасига олади.

Японияда сайлов жараёнларини бошқаришда марказлашган ягона электрон платформа мавжуд бўлмасада, маҳаллий ҳукуматлар ва муниципалитетлар сайлов жараёнларини самарали бошқариш учун турли электрон технологиялардан ҳам фойдаланади.

Кўриниб турибдики, дунёнинг аксарият давлатларида сайловларни илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича катта тажриба тўпланган бўлиб, уларни ўрганиш фойдадан ҳоли эмас.

Юртимизда яратилган тизимнинг халқаро эътирофи

ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Сайловларни кузатиш миссиясининг 2019 йили Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент сайловлари бўйича якуний ҳисоботида сайлов жараёнига АКТнинг жорий этилиши муҳим ижобий натижа сифатида баҳоланган. Ҳисоботда, жумладан, «Сайловчилар ягона электрон рўйхатининг ишга туширилиши жорий сайловдаги муҳим муваффақият ва аввалги сайловларда қўлланган ёндашувга нисбатан анча ижобий силжиш бўлди», дея таъкидланган.

МДҲ кузатувчилар миссиясининг фикрига кўра, парламент сайловлари давомида сайловчилар рўйхатларини тузиш ва аниқлаштириш тартиби умумий сайлов ҳуқуқи принципининг амалга оширилишини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикасининг овоз бериш ҳуқуқига эга барча фуқароларига сайловларда қатнашиш имкониятини яратган.

ШҲТ кузатувчилари миссияси ҳам мазкур йўналишдаги ўзгаришларни ижобий баҳолаган. Таъкидланишича, сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими жорий этилиши аҳолининг сайлов кампанияси ҳақида хабардорлигини ошириш, сайловчилар рўйхатини тўғри шакллантириш ва такрорий овоз бериш сингари салбий ҳолатларнинг олдини олиш имконини беради.

Умуман олганда, сайлов жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши, сайловчиларнинг электрон рўйхатлари шакллантирилиши ва электрон овоз бериш сингари усуллар қўлланиши сайлов кампаниясида инсон омили таъсирини камайтириш, сайловнинг адолатли ва шаффоф ўтишига хизмат қилади.

Жамшид ЖЎРАЕВ,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази

Бухоро вилояти бўлинмаси раҳбари.

.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?