Саҳрони яшнатиб турган боғбон
Одилбек Одамбоев/«Халқ сўзи». Хивалик Отаназар ота Пирназаров бу йил саксон беш баҳорни қаршилади. Отахоннинг бутун умри деҳқончиликда ўтди. Ўттиз йилдан зиёд ширкат хўжалигига раҳбарлик қилди. Ҳалигача кўчат экиш, боғ яратиш Отаназар отанинг энг севимли машғулоти. Ҳатто пахта яккаҳокимлиги авжига чиққан, чигит экиладиган майдонларнинг ҳар қаричи қатъий ҳисобда бўлган ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ҳам марказнинг зуғумидан қўрқмай янги боғлар ташкил қилган. Бугунги кунда адабиёт мухлисларининг қадами узилмайдиган Хиванинг Қиёт қишлоғидаги Огаҳий боғи ҳам Отаназар отанинг ташаббуси билан барпо этилган. Оқсоқол бугунги кунда ҳам янги боғлар яратиш иштиёқи билан яшайди.
— Хоразм Қорақум ва Қизилқум саҳроси ўртасида жойлашган яшил воҳа саналади, — дейди Отаназар ота. — Илгари бу ҳудудда тўқайзорлар кўп эди. Янги ерлар ўзлаштирилиши билан табиий тўқайзорлар қисқариб, дарахтлар сони камайиб кетди. Воҳанинг ҳайвонот дунёси, тупроқ эрозиясининг олдини олиш, умуман, ҳаёт тарзи яшиллик билан боғлиқ. Президентимизнинг ташаббуси билан 2021 йилдан буён ҳар йили «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида экилаётган мевали ва манзарали дарахт кўчатлари вилоятимиз экологияси, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш ҳамда аҳоли саломатлигини яхшилашда муҳим омил бўлмоқда.
Ўтган йилда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоят бўйича 17,3 млн дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Ҳар бир шаҳар ва туманда биттадан намунавий «Экология кўча»лари, «Яшил боғлар» ва «Яшил жамоат парклари» барпо этилди. Айни пайтда мазкур лойиҳанинг баҳорги мавсуми бошланиб, вилоятнинг барча ҳудудларида янги дарахт ва бута кўчатларини ўтқазишга киришилди.
— Кўчат етиштирувчи хўжаликлар, ободонлаштириш бошқармалари, Хоразм ўрмон хўжалигида асосан вилоятимиз тупроқ ва иқлимига мос гужум, терак, тол, тут, япон софораси каби манзарали дарахт кўчатлари мавжуд, — дейди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Камоладдин Шерматов. — Манзилли дастурда белгиланган режани ортиғи билан бажариш учун барча имкониятлар етарли.
«Халқимизда экилгани эмас, кўкаргани ҳисоб» деган нақл бор. Мақсад кўчатларни фақат дуч келган жойда экиб кетиш эмас, уларни парваришлаш, суғориш тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яқинда Урганч-Шовот автомагистраль йўлининг икки томонига 6-8 қатор қилиб кўчат экиб, янгича усулда суғориш тизими ташкил қилинди. Урганч шаҳрида Шовот каналининг иккала соҳилида ўзига хос ландшафт дизайни асосида яшил ҳудудлар, йирик саноат корхоналари жойлашган Саноатчилар кўчасида «Яшил белбоғ»лар яратилди. Ўтган йил «Очиқ бюджет» порталидаги «Менинг боғим» лойиҳаси бўйича овоз бериш натижаларига кўра, 16 та янги боғ барпо этилди. Ушбу лойиҳалар учун Экология вазирлиги жамғармасидан 3,25 млрд сўм маблағ ажратилди.
— «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар асосий куч ҳисобланади, — дейди Маҳаллалар уюшмаси Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи Одилбек Артиқов. — Янги маҳалла боғларини ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бириктириш орқали оилаларнинг даромадини ошириб, камбағалликдан чиқариш мумкин. Яқинда вилоятимиздаги катта йўлларнинг чеккаларини ишсиз аҳолига касаначилик асосида бириктириб бердик. Бунда йўл чеккалари кўкаламзор, ҳар бир кўчат эгали бўлади.
Теварак атрофи яйдоқ чўлдан иборат воҳа шароитида қум кўчишининг олдини олишда саксовулзорлар муҳим ўрин тутади. Шу боис, чўл ҳудудларига саксовул уруғларини экишга алоҳида эътибор қаратилади. Боғот туманида яшовчи табиат жонкуяри Улуғбек Иброҳимов бир неча йиллардан буён саксовул уруғларини йиғиб, экиш учун Оролбўйи ҳудудига етказиб беради.
— Хоразм шевасида «созоқ» деб аталувчи ушбу дарахт чўлнинг ҳақиқий кўрки ҳисобланади, — дейди Улуғбек Иброҳимов. — Саксовулнинг аҳамиятли томони, унинг илдизлари қум барханларининг шамолда кўчиб юришининг олдини олади. Мутахассислар фикрича, битта саксовул бир йилда 4-4,5 тоннагача қум барханларини ушлаб қолади. Айниқса, Орол денгизи қуриши оқибатида пайдо бўлган улкан саҳродаги қум кўчиши, тузли чанг-тўзонларнинг осмонга кўтарилишининг олдини олиш учун саксовулзорлар барпо этиш энг мақбул йўл.
Саксовулнинг атроф-муҳит ҳавоси мусаффолигини таъминлашда ҳам хизмати беқиёс. Бир гектар майдондаги тўрт йиллик саксовулзор ўртача 1000 метр куб кислород ажратиб чиқаришини эътиборга олсак, буни бемалол «тоза ҳаво фабрикаси» деб аташ мумкин. Саксовул ўрмонлари қум кўчишидан асровчи, чўл ҳайвонлари учун ўзига хос бошпана ва озуқа вазифасини ўтовчи «Яшил қалқон» ҳисобланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг