Сабрдан бахт топган аёл

14:19 05 Сентябр 2025 Жамият
77 0

Олтиариқлик Зуҳрахон Орипова матонат тимсоли. Унинг кичик жуссаси, елкасида тоғларни кўтаргудек улкан қудрати бор. Хокисор қалбида меҳнат завқи мужассам. У бир ярим ёшида бахтсиз ҳодиса туфайли тақдирнинг оғир синовларига учраб, бир қўлининг бармоқларидан айрилди. Аммо бу кемтиклик унинг ғайрат-шижоати, ҳаётга ва яшашга бўлган иштиёқи, иродасини синдиролмади. Болалигидан бир қўли билан ер чопиб, узум парваришлайди. Ҳозиргача рўзғор баракаси учун тинмайди.

Зуҳра опани билганлар томорқачилик илми “профессор”и дейишади. Боиси йилнинг тўрт фаслида 12 сотих ернинг ҳар қаричидан фойдаланади. Икки сотихли узум боғига энг харидоргир навларни эккан. Шу кунларда ҳовлидаги ишкомда олтиндек товланаётган узумлар кўзни қувнатади. Бир шингил узиб ундан баҳраманд бўлган одам боғбонга тасанно айтади. Чунки узум меваси худди новвотдек оғзингизда эриб кетади.

Оила аъзолари узумдан йилига ўртача 20 миллион сўмгача даромад олади. Мўъжазгина иссиқхонада эртаки редиска, бодринг етиштирилади. Қорамол боқиш ҳам оиланинг яна бир даромад манбаи ҳисобланади. Бу ишларнинг барчасига Зуҳрахон опанинг ўзи бош-қош бўлади. Файзли хонадондаги орасталик, шинам уй-жойлар оила аъзоларининг меҳнатдан топаётган баракаси тимсолидир.

—Тақдиримдан нолимайман, бир қўлим соғлом бўлмаса-да, рўзғорим бутун, — дейди Зуҳрахон опа. — Ҳар куни тинч ва фаровон ҳаётимга шукрона айтаман. Болаларим ва невараларим даврасида ўзимни ғоятда бахтли ҳис этаман. Турмуш ўртоғим Раҳимжон Аҳмедов ҳам II-гуруҳ ногирони. Шундай бўлишига қарамай, ҳар доим менга кўмакдош. Аҳиллигимиз, ҳамжиҳатлигимиз туфайли тўйлар қилиб, янги уйлар қурдик. Биргаликда ҳаётнинг паст-баланд йўлларидан мардонавор ўтиб келмоқдамиз.

Ҳаётий ақидам шундай: одам бировдан умидворлик кайфияти билан яшамаслиги керак. Ўз меҳнатинг, пешона теринг эвазига топган бир бурда нонинг ҳар недан афзал. Шу сабабли бугун берсанг – ейман, бермасанг – оч қоламан, қабилида яшашни одат қилган тоифадаги тўрт мучаси соғлом одамларга раҳмим келади.

Олтиариқ туманининг “Оқбўйра” маҳалласининг фахрига айланган Зухрахон Орипова давлатимиз раҳбарининг фармони билан "Жасорат" медали билан тақдирлангани маҳалладошларини қувонтирди.

— Чекка бир қишлоқдаги оддий бир аёл қайда-ю, давлат мукофоти қайда, деб ишонгим келмади, – дея сўзида давом этади қаҳрамонимиз. — Олтиариқ туман ҳокимлиги келгач, мукофотланганимга амин бўлдим. Байрам кунлари қучоғим гулга тўлди. Бир умр чеккан заҳматларим унутилди. Ота-боболаримизнинг “Меҳнат қилган элда азиз” деган мақоли ҳаётимда ўз исботини топди.

Олтиариқнинг мунис бағридаги сўлим қишлоқ – Оқбўйрада яна бир мунаввар тонг отди. Зухрахон опа одатдагидек набирасини опичлаб, кўча эшигини очди. Қадрдон узумларини силаб-сийпалади, фарзандлари, элу юрти ризқини азиз қилаётгани учун миннатдорчилик билдирди. Этни жунжиктирувчи тонг шаббодаси борлиққа атиргул, райҳон ифорини таратди. Оила аъзолари дастурхон атрофида нонуштага жам бўлиб, бугунги ишларни режалаштириб олишди. Келинига зарур юмушларни топшириб, Зухрахон опа қўшни аёллар билан бирга далага отланди. Айтганча, опа маҳалладаги энг моҳир теримчилардан саналади. Оппоқ чаманзорга бурканган пахтазорларда қаҳрамонимиз жавлон уриб пахта термоқда. Меҳнат ва ҳалоллик инсонни улуғлайди, сабр ҳаётини файзга тўлдиради. Биргина Зухрахон Орипова тимсолида сабр ва жасоратнинг ёрқин намунасини кўриш мумкин. Бу, аслида, ўзбек аёлига хос энг эзгу фазилатларнинг яна бир тасдиғидир.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?