Россиянинг воситачилик роли ва Россия—Украина урушининг янги тафсилоти (+видео)

22:21 20 Август 2024 Дунё
209 0

Украина юришининг кенгайиши ва урушнинг 907 кун тафсилотлари

Ҳужумлар

Украина Курск вилоятидаги Сейм дарёси орқали ўтадиган учинчи ва охирги кўприкка ҳужум қилганини маълум қилди Россия томони.

Украина кучлари Курск вилоятидаги ҳужумларидан «буфер зона» яратиш ва Россиянинг Украинага узоқ масофадан ҳужумлар уюштириш имкониятини чеклаш эканини айтди. Ҳозирга келиб Киев 1250 квадрат километрдан ортиқ қуруқлик ва 92 та аҳоли пунктини назорат қилмоқда.

Украина Россия қўшинлари олдинга силжиши муносабати билан болали оилаларга Донецк вилоятининг шарқий қисмидаги Покровск шаҳрини зудлик билан тарк этишни буюрди. Тахминан 53 мингга яқин одам ҳамон ушбу шаҳарда яшамоқда.

Покровск фронтида Украина ҳарбийлари душанба куни 63 та, Торецк вилоятида эса 21 та отишмада қатнашган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса ўз кучлари Торецк яқинидаги Зализне шаҳрини эгаллаб олганини маълум қилди. Россия 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланишидан олдин Зализнеда 5 мингга яқин одам яшаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа бўлими айтишича, Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан буён Украинадаги соғлиқни сақлаш муассасаларига жами 1940 та ҳужум қайд этилган.

Сиёсат ва дипломатия

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди жума куни Украинага ташриф буюради ва Зеленский билан учрашади. Бу Ҳиндистон раҳбарининг 30 йилдан ортиқ вақтдан бери биринчи ташрифидир. Моди ўтган ой Москвада бўлган ва Россия президенти Владимир Путин билан учрашган.

Россия 2022 йилда «Шимолий оқим» газ қувурларини бузган портлашлар бўйича олиб борилаётган тергов юзасидан Германияга шикоят қилди. Гумонланувчи украиналик бўлиб ҳибсга олинишидан олдин Полшани тарк этган.

Президент Александр Лукашенко мамлакат армиясининг деярли учдан бир қисмини чегара бўйлаб жойлаштиришини эълон қилганидан бир кун ўтиб Беларусь Украина билан чегарасига самолёт ва ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларини жойлаштирди.

Россия Курскка аэрокосмик кучлари полкини жойлаштирди

Россия Украинадан Курск вилоятини ҳимоя қилиш учун ўзининг Аэрокосмик кучлари полкини жойлаштирди. Киевнинг ҳужумлари кучайиши Москвани ҳаво ва космик операциялар учун масъул бўлган армиянинг бўлинмасини «махсус» топшириқ билан жўнатишга мажбур қилган.

Ушбу полк мудофаани кучайтириш учун Курскка жойлаштирилган. Бўлим май июнь ойлари орасида ташкил этилган бўлиб, унга хавфсизлик ва логистика компаниялари ҳамда авваллари Россиянинг ядровий операцияси билан шуғулланган ходимлари билан ташкил қилингани айтилмоқда.

АҚШнинг Урушни ўрганиш институти Россия Курск мудофаасини мустаҳкамлаш учун Украинадаги фронт чизиғидан қўшинларини қайта жойлаштиришга мажбур бўлганини янгича уруш стратегияси билан боғлашяпти.

Путин Озарбайжон—Арманистон тинчлик келишувига воситачилик қилишни таклиф қилди

Россия президенти Владимир Путин Бокуга икки кунлик ташрифи чоғида Озарбайжон—Арманистон тинчлик келишувига воситачилик қилишни таклиф қилди. Москва Украинадаги урушга қарамай, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тинчлик музокараларида воситачилик қилишдек тарихий ролига содиқлигини айтган.

Путин 2022 йилда Москва Украинага бостириб кирганидан кейин ва сентябрь ойида Боку Тоғли Қорабоғ анклавини этник арман бўлгинчиларидан қайтариб олганидан бери нефтга бой бўлган ушбу мамлакатга илк бор ташриф буюрди.

Россия ўнлаб йиллар давомида Кавказ душманлари ўртасида доимий воситачи бўлиб келган, иккаласи ҳам собиқ совет республикалари, аммо сўнгги икки йил ичида Москва Украина билан уруш ботқоғига тушиб қолганидан сўнг Ғарб давлатлари бу масала бўйича ролини кенгайтирди.

«Россия ҳам Украина йўлида инқирозларга дуч келмоқда. Аммо Россиянинг Жанубий Кавказдаги воқеаларга тарихий аралашувини ҳисобга олсак, сўнгги йилларда музокараларда иштирок этишимизни зарур қилиб қўйди», деди Путин Илҳом Алиев билан қўшма нутқида.

Боку кампанияси Тоғли Қорабоғда ўттиз йиллик арман сепаратистик ҳукмронлигига барҳам берди. Ереван ва унинг анъанавий иттифоқчиси Москва ўртасидаги муносабатларни ёмонлаштирди. Арманистон Россияни ҳаракатсизликда айблади ва шундан бери Ғарб давлатлари билан алоқаларини мустаҳкамлади. Россия Ереван томонига аралашишдан бош тортди ва Озарбайжон узоқ вақтдан бери баҳсли минтақани қайтариб олди. Кўп йиллик тўқнашувлардан сўнг, арман аҳолиси репрессиялардан қўрқиб, тоғли ҳудудни тарк этди. 100 мингдан ортиқ одам қочиб кетгани маълум.

«Агар Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик шартномасини имзолаш учун нимадир қила олсак, биз бундан жуда хурсанд бўламиз», деган Путин. Шунингдек, у Бокуга ташрифидан сўнг Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан боғланиб, музокара натижаларини гапириб бермоқчи. Алиевнинг айтишича, минтақа хавфсизлиги кўп жиҳатдан Озарбайжон ва Россия ўртасидаги яқин ҳамкорликка боғлиқ.

Путиннинг айтишича, музокаралардан сўнг етакчилар қўшма ташаббусларни, жумладан, Каспий ва Қора денгиз минтақаларидан нефтни Ўрта ер денгизига ташиш учун мўлжалланган кичик танкерлар қурилишини муҳокама қилган. Каспий денгизида жойлашган Озарбайжон Европа Иттифоқи учун муҳим энергия етказиб берувчи ҳисобланади.

АҚШнинг Исроилга сулҳ бўйича сўзи ўтмадими?

Ғазодаги ўт очишни тўхтатиш келишувларига ўзгартирилишлар киритилар экан, ҲАМАС буни Қўшма Штатларнинг Исроилга геноцидни давом эттириш учун вақт сотиб олган иши деб билади. Гуруҳ шу вақтга қадар дунёни битимни имзолаш учун Нетаняҳуга босим ўтказишга чақириб келар эди.

«Исроилликлар Байден таклифига киритилган масалалардан чекинишди. Нетаняҳунинг янгиланган таклифга рози бўлиш ҳақидаги гапи АҚШ маъмурияти уни аввалги келишувни қабул қилишга кўндира олмаганидан далолат беради», деди Ҳамас гуруҳи.

Сешанба куни Байден ҲАМАС Исроил томонидан келишилган келишувдан ортга чекинаётганини айтган эди. АҚШ охирги таклифни ўтган ҳафта Қатар пойтахти Доҳадаги янги музокаралардан сўнг илгари сура бошлади.

ҲАМАСнинг айтишича, янги таклиф Нетаняҳунинг ўт очишни тўхтатишни рад этиши, Ғазодан қўшинларни тўлиқ олиб чиқиб кетиши ва анклавнинг шимоли-жанубини ажратиб турувчи Нетзарим коридори, Рафаҳ чегара пункти ва Филаделфия йўлаги устидан назоратни сақлаб қолиш талаби каби шартларига жавоб беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?