Рақамли уйғонишдан рақамли юксалиш сари

18:17 17 Ноябрь 2025 Жамият
337 0

“Миллатни уйғотиш — уйғонганларнинг вазифаси”, деган эди Абдулҳамид Чўлпон. Бугун бу сўзлар янгича маъно-мазмун касб этиб, рақамли даврдаги модернизациялашни ҳам ифодалай бошлади, десак, муболаға эмас. Зотан, юртимизда кечаётган рақамли ўзгаришлар, давлат бошқаруви, таълим, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларида сунъий интеллект (СИ) ечимларининг жорий этилиши — ушбу жараённинг амалий натижасидир.

Давлатимиз раҳбарининг сунъий интеллект билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, хорижнинг соҳага оид инноваторлари билан фаол ҳамкорликка киришиш каби ташаббуслари моҳиятини англаш учун жаҳон тажрибасига бир қур назар ташлаш кифоя. Жумладан, Хитой 2017 йилда Си Цзиньпин раҳбарлигида қабул қилган “Artificial Intelligence Development Plan” орқали СИни миллий ва геосиёсий рақобатнинг асосий воситасига айлантирди. АҚШ 2022 йилда Жо Байден маъмурияти томонидан “AI Bill of Rights”ни илгари суриб, сунъий интеллектни демократия ва инсон ҳуқуқлари муҳофазасининг янги механизми сифатида талқин этди. БАА эса дунёда биринчи бўлиб 2017 йилда СИ вазирлигини тузиб, уни миллий инновацион дипломатиянинг асосий йўналишига айлантирди. Шу орқали дунё давлатлари сунъий интеллектни фақат технологик ривожланиш эмас, балки сиёсий таъсир ва суверенитетни мустаҳкамлаш воситаси сифатида кўра бошлади. Шу маънода, давлатимиз раҳбари Ўзбекистонни СИ технологиялари “истеъмолчи”си эмас, балки уларни яратиб, экспорт қиладиган сиёсий ва интеллектуал марказга айлантириш стратегиясини танлагани мамлакатимизда юқори технологиялар соҳаси янги уйғониш даврини бошлаб берди.

Президентимиз шу йилнинг 21 октябрь куни бўлиб ўтган давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида «Инсоният янги цивилизация босқичига — сунъий интеллект даврига дадил қадам қўймоқда. Қайси соҳа бўлмасин, ким бу жараёнда изланса, марра шуники бўлади», дея алоҳида таъкидлади. Сўнгги уч йилда давлат раҳбари сунъий интеллектни янги тараққиёт мафкураси даражасига кўтаргани замирида ҳам замон билан ҳамқадам бўлиш, илғорлар сафида туришдек мақсад-муддао мужассам. Бунинг самараси ўлароқ, Ўзбекистон сўнгги йилларда “Сунъий интеллектга тайёрлик” халқаро индексида 17 поғона кўтарилиб, ушбу юқори технологияларни жорий қилиш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринга чиқиб олди.

Миллат тафаккурининг янги шакли

Давлатимиз раҳбарининг олиб борган тизимли ислоҳотлари негизида инсон тафаккурида янгиликларга очиқлик ва уйғонишни ҳосил қилмасдан рақамли тараққиёт ҳақида сўз юритиб бўлмайди, деган ҳаёт ҳақиқати мужассам эканини англаш ўта муҳим. Негаки, у сунъий интеллектни фақат технологик восита эмас, балки миллат тафаккурини янгилашнинг сиёсий калити сифатида илгари сурмоқда.

Президентимизнинг 2022 йили халқаро инвестиция форумидаги чиқиши, таъбир жоиз бўлса, ана шу ғоянинг амалий ибтидоси бўлди. У сунъий интеллектни миллий илмий мерос билан боғлаб, Ал-Хоразмий, Ибн Сино ва Мирзо Улуғбек сингари алломаларимиз тажрибасини эслатди. Бу нафақат рамзий ишора, балки давлат сиёсатининг янги йўналиши — илм, тафаккур ва рақамли тараққиёт бирлиги эди. Давлатимиз раҳбарининг “алгоритм” атамаси бизнинг заминда туғилганини эслатиш орқали айтмоқчи бўлган асосий фикри шунда эдики, сунъий интеллект бизнинг тарихий илдизларимиз билан боғлансагина миллий хусусият касб этади. Орадан кўп ўтмай, Юртбошимиз Остона саммитида “билимлар иқтисодиёти” ва “инновациялар трансфери”ни барқарор тараққиётнинг пойдевори сифатида кўрсатди.

Бу қараш 2023 йилда амалий шаклни олди. БАА, Саудия Арабистони ва Сингапур билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши натижасида Ўзбекистон “рақамли дипломатия” тамойилини қўллади. Президентимизнинг 2023 йил 4 апрелдаги БАА делегацияси билан учрашувидан англашилган “инновация — бу янги сиёсий имконият” деган ғоя СИ сиёсатини давлат мустақиллигини таъминловчи омил сифатида кўрсатди. Шу орқали Ўзбекистон глобал инновацион тармоқлар билан боғланиб, ўз интеллектуал ҳудудини кенгайтиришга киришди.

Шу тариқа, 2022-2023 йиллардаги ташаббуслар Ўзбекистон сиёсатида янги моделни яратди: маданият + инновация + сиёсат = интеллектуал давлат. Сунъий интеллект эндиликда миллий ўзликни глобал жараёнга интеграцияловчи восита сифатида жамият ҳаётига татбиқ этилди. Бу ғоя кейинчалик 2024 йилда қабул қилинган Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси учун ғоявий асос бўлди. Содда қилиб айтганда, юртимизда сунъий интеллект аввал фалсафа, сўнг стратегия, кейин сиёсат даражасига кўтарилди.

Бугун мамлакатимизда сунъий интеллект давлат идеологиясининг узвий қисми, янги тафаккур шакли сифатида илгари суриляпти. Бу орқали сиёсатда “рақамли модернизация” маънавий ислоҳот билан уйғунлашди. Натижада Ўзбекистонда инновация, маданият ва сиёсий бошқарув ўртасида узвий боғлиқлик юзага келди. Бу эса иқтисодий ёки илмий ютуққина эмас, дунёда миллий ривожланишнинг янги сиёсий моделини яратишга қаратилган мафкуравий қадам сифатида муҳим аҳамиятга эга.

Сиёсий ишонч ва ҳуқуқий асос

2024 йил Ўзбекистонда сунъий интеллект сиёсатининг ғоявий илдиздан иқтисодий механизмга ўтган, мафкуравий ғоя амалий натижа бера бошлаган давр бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев сунъий онгни келажак ҳақидаги ғоялардан амалий иқтисодий ривожланиш стратегияси даражасига кўтарди. Бу соҳа янги ишлаб чиқариш цикллари ва инновацион бозорлар учун ҳаракатлантирувчи куч сифатида белгиланди. Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида Президентимиз “DataVolt” компанияси билан “яшил” энергия асосидаги Маълумотлар маркази қурилиши бошланганини эълон қилар экан, бу ташаббус орқали IT хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш, 100 минг янги иш ўрни яратиш ва сунъий интеллектни ишлаб чиқариш занжирига чуқур интеграция қилиш мақсади белгилаб берилди.

Бу қарор жаҳон амалиёти билан уйғун бўлиб, кўплаб давлатлар СИни ишлаб чиқариш занжирига жорий этиш орқали иқтисодий устунликка эришмоқда. Масалан, Хитой “Made in China — 2025” дастури доирасида СИ асосидаги автоматлаштиришни кенгайтириб, саноат самарадорлигини тахминан 60 фоизга оширгани айтилади. “McKinsey” маълумотларига кўра, бу технологиялар 2030 йилга қадар жаҳон ЯИМга 13 триллион доллар қўшимча қиймат қўшиши мумкин. Шунинг учун экспертлар мамлакатимизда СИни ишлаб чиқариш тизимига интеграция қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонни технология истеъмолчисидан уни яратувчи ва экспортга чиқарувчи давлатга айлантириш йўлидаги изчил қадам сифатида баҳолашаётгани диққатга сазовор.

Таъкидлаш керакки, юртимизда “MyID”, “UzFace” ва “Uzbekkosmos” каби миллий платформалар орқали сунъий интеллект ечимлари амалиётга татбиқ этиб келинмоқда. Улар тўплаган тажриба асосида ушбу жараённи тизимли йўлга қўйиш чора-тадбирлари кўриляпти. Шу мақсадда сунъий интеллектни жорий қилиш бўйича миллий стратегия ишлаб чиқилаётгани айни муддао бўлди. Бу мамлакатда СИ сиёсати илк бор аниқ ҳуқуқий асос ва институционал тузилмага эга бўлаётганидан далолат.

Қувонарлиси, ушбу жараён ўз моҳияти билан жаҳон амалиётидаги иқтисодий ва технологик трансформация тенденцияларига ҳамоҳанг равишда кечмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2024 йилдаги Парламент сайловларидан кейинги биринчи мажлисида Президентимиз сунъий интеллект билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурлигини таъкидлади. Бу қадам СИ сиёсатининг конституциявий босқичини том маънода янги даражага олиб чиқди. 2025 йил 15 апрелда қуйи палата мажлисида айни масаладаги қонун лойиҳаси концептуал муҳокамага чиқарилди.

Шу ташаббус доирасида қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасида концептуал муҳокамадан ўтгач, Сенатнинг 2025 йил 11 ноябрдаги ўн биринчи ялпи мажлисида ҳам кўриб чиқилди. Ялпи мажлисда таъкидланганидек, мазкур ҳужжат ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланиши шароитида сунъий интеллект тизимларини инсон ҳуқуқлари, маълумот хавфсизлиги ва давлат бошқарувининг самарадорлигини таъминловчи омил сифатида тартибга солишни кўзда тутади. Бу ташаббус нафақат сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга, балки улардан фойдаланишнинг ҳуқуқий ва этик асосларини белгилашга ҳам йўл очади. Унинг қабул қилиниши орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат маълумот тизимларининг шаффофлиги ҳамда ахборот хавфсизлиги янги босқичга кўтарилади. Қонун Сенат аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди ва натижада Президентимиз ташаббуси билан бошланган сунъий интеллект сиёсатининг ҳуқуқий пойдевори тўлиқ шаклланди, десак, муболаға бўлмайди.

2024 йил 27 декабрь куни бўлиб ўтган сунъий интеллект технологиялари ва телекоммуникация соҳасини ривожлантиришга бағишланган тақдимот мамлакатда рақамли иқтисодиёт янги босқичга қадам қўйганини кўрсата олди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев йиғилишда сунъий интеллект соҳасидаги стартапларни молиялаштириш, венчур экотизимини ривожлантириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтиришни устувор йўналиш сифатида белгилади.

Тақдимотда Ўзбекистон иқтисодиётига жами 134 миллион доллар сармоя жалб қилингани қайд этилди. Бу йўналишга жиддий эътибор қаратилаётгани жаҳон амалиёти билан изоҳланади. Масалан, “Startuphub.ai” таҳлилларига кўра, 2024 йилда глобал миқёсда сунъий интеллект стартапларига 103 миллиард доллар миқдорида сармоя киритилган. Венчур экотизимини ривожлантириш борасидаги қатъий позициясини Ўзбекистонни инновация экспорти ва интеллектуал сармоя марказига айлантириш йўлидаги стратегик қадам сифатида баҳолаш мумкин.

Сунъий интеллект энди иқтисодий драйвердан ҳам юқори — миллий суверенитет ва сиёсий барқарорликни таъминловчи стратегик омилга айланди. Ҳар бир сармоя, ҳар бир инновация ортида давлатнинг глобал рақобатдаги нуфузини мустаҳкамлаш ғояси мужассам. Шу тариқа, иқтисодий ислоҳотлар сиёсий модернизациянинг амалий ифодасига айланди ва Ўзбекистон сунъий интеллектни давлат сиёсатининг янги стратегик сиёсий категорияси сифатида шакллантирди.

Ишлаб чиқариш занжирига интеграция

Соҳа мутахассисларининг эътироф этишича, 2025 йил Ўзбекистонда сунъий интеллект сиёсатининг институционал интеграция босқичи сифатида тарихда қолади. Бунинг учун асослар етарли, албатта. Айтайлик, йил бошида Президентимизнинг БААнинг сунъий интеллект вазири Умар бин Султон ал-Олама билан учрашуви мамлакатнинг СИ дипломатиясини янги босқичга олиб чиқди. “Presight”, “AIQ”, “Khazna” компаниялари ҳамда Муҳаммад бин Зоид университети билан ўтказилган музокаралар орқали Ўзбекистон сунъий интеллект соҳасида давлатлараро ҳамкорликни тизимли асосда йўлга қўйди. Бу нафақат технология соҳасидаги шериклик, балки илмий билимлар, маълумотлар хавфсизлиги ва инвестиция сиёсатини қамраб олган “ақлли дипломатия” моделига айланди.

Сунъий интеллект энди иқтисодий драйвердан ҳам юқори — миллий суверенитет ва сиёсий барқарорликни таъминловчи стратегик омилга айланди.
Ҳар бир сармоя, ҳар бир инновация ортида давлатнинг глобал рақобатдаги нуфузини мустаҳкамлаш ғояси мужассам.

2025 йил 5 март куни бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида сунъий интеллектни давлат бошқарувида назорат ва таҳлил механизми сифатида амалиётга татбиқ этиш масаласи кўтарилди. Президентимиз топшириғига кўра, давлат харидларини таҳлил қилиб, ноқонуний ҳолатларни аниқлайдиган электрон тизим ишлаб чиқиш бошланди. Бу янги ақлли назорат механизми давлат бошқарувидаги шаффофликни таъминлаш билан бирга, сиёсий бошқарувда сунъий интеллектнинг амалий қийматини намоён этди. Бу ташаббус жаҳон амалиётидаги тенденцияларга ҳамоҳанг бўлди. Масалан, Эстония давлат бошқарувида СИ асосидаги “KrattAI” тизимини жорий қилиб, бюрократик хатоларни 30 фоизга қисқартирди. Сингапур эса “Corrupt Practices Investigation Bureau AI System” орқали давлат харидларидаги шубҳали операцияларни аниқлаш самарадорлигини 40 фоизга оширган.

Йилнинг иккинчи ярмида интеграция соҳавий даражага кўтарилди. 9 сентябрда Президентимиз раислигида мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида қабул қилинган қарорга кўра, 1-синфдан ахборот технологиялари, юқори синфларда эса сунъий интеллект фанлари жорий этилди. Бу қарор давлат раҳбарининг узоқни кўзлаган таълим стратегиясининг бир қисми бўлиб, жаҳон амалиётидаги илғор моделларга ҳамоҳангдир. Масалан, Жанубий Кореяда 2022 йилдан бошлаб мактаб таълимида “AI literacy” йўналишидаги дастурлар босқичма-босқич жорий этилмоқда ва 2025 йилга қадар уларни барча босқичларга кенгайтириш режалаштирилган. Сингапурда эса бошланғич мактабларда “AI for Fun” каби модуллар синов тариқасида жорий қилинган бўлиб, бу орқали ёшларнинг рақамли саводхонлиги ва “STEM” соҳаларидаги кўникмалари изчил оширилмоқда.

2025 йил 9-10 октябрь кунлари бўлиб ўтган “Марказий Осиё — Россия” форматидаги иккинчи саммит ҳамда МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишларида Президентимиз Шавкат Мирзиёев минтақавий эксперт кенгашлари ва сунъий интеллект ҳамкорлик платформаларини яратиш ташаббусини илгари сурди. Бу ташаббус Марказий Осиёдаги рақамли сиёсатнинг янги интеграцион моделини белгилади, десак, адашмаймиз.

Технологик қадрият

2025 йил 21 октябрда ўтказилган йиғилишда Президентимиз сунъий интеллектни Ўзбекистоннинг янги тараққиёт йўналиши бўлиши кераклигига алоҳида тўхталиб, кимки уни ўз соҳасига фаол жорий этса, маррани забт қилишини таъкидлар экан, мажозан рақамли уйғонишга даъват этди. «Ҳамма вазирлар, ҳокимлар чет элга борганида сунъий интеллект иқтисодиёт тармоқлари ривожига қандай ҳисса қўшаётгани, аҳолига, бизнесга нима енгиллик бераётганини кўряпти. Бизда ҳам шуни қилса бўладими? Албатта, бўлади», деди Президентимиз ўз нутқида. Бу хитоб орқали давлатимиз раҳбари барча раҳбарлар ва соҳавий мутасаддиларни рақамли жараёнларни томошабин сифатида эмас, фаол иштирокчи бўлиб кўришни истади, назаримизда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев миллатнинг уйғонган фарзанди сифатидаги бу фикрлари орқали бутун тизимни уйғоқликка, миллатни эса рақамли тараққиёт сари фаол қадам ташлашга чорлади.

Ўзбекистоннинг бу йўлдаги энг катта ютуғи — СИ “сиёсатини инсон — давлат — интеллект” уйғунлиги асосида қуришдир. Бу учлик замонавий давлат тафаккурининг янги моделини яратди: инсон марказида турган давлат, интеллектуал таҳлил асосида ишлайдиган бошқарув ва миллий қадриятлар билан уйғун технологик тизим. Ҳа, бу технологик қадриятдир. Эҳтимол, кўплаб юртдошларимиз сунъий законинг жамиятга шиддат билан кириб келаётганига таажжубланар. Аммо бу жараён тасодиф эмас — у узоқ стратегик ёндашув, рақамли уйғониш йўлида фидойи меҳнат қилаётган уйғонганларнинг саъй-ҳаракатлари маҳсулидир.

Санжар ШОМУРОДОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер