Қуриб бораётган дарахтларнинг эгаси борми?

Мамлакатимизда кенг кўламда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида миллионлаб дарахт кўчатлари экилди. Бу ташаббус орқали экологик барқарорликни таъминлаш, ҳавонинг ифлосланишини олдини олиш, аҳоли учун қулай яшаш муҳитини шакллантириш каби муҳим мақсадлар кўзланган. Аммо баъзи жойларда ушбу эзгу ниятлар, афсуски, амалий самара ўрнига ниҳоятда кўнгилсиз манзараларга олиб келмоқда.
Сурхондарё вилояти мисолида мазкур умуммиллий лойиҳа бошланганидан буён 50 миллионга яқин кўчат экилган. Фақатгина 2024 йилнинг кузги мавсумида 6 миллион 3 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчати ерга қадалди. Бунинг учун ўртача ҳар бир кўчат 10 минг сўмдан баҳоланиб, жами 60 миллиард 30 миллион сўм сарфланган. Маблағ бор, кўчатлар бор, меҳнат бор — лекин натижа йўқ?
“Олмаота-Бишкек-Тошкент-Термиз” йўналишидаги М-39 халқаро автомобил йўлининг Термиз, Ангор, Музработ, Шеробод туманлари ҳудудидан ўтувчи 61 километр қисмидаги бўш ерларнинг икки атрофи текисланиб, манзарали дарахт кўчатлари экилди. Бунинг учун адир ва тошлоқ майдонлардан иборат бу ерларга унумдор тупроқ ташиб келтирилиб, йўл бўйи кўчат ўтқазишга ҳозирланди. Кузги мавсумда йўлнинг икки бўйидаги бўш ерларга қарийб 300 минг туп турли дарахт кўчати экилди. Янги технологиялар асосида ёмғирлатиб суғориш тизими ўрнатилди. Сув ҳавзалари ташкил қилинди, ҳар бир ташкилот ва корхонага белгиланган ер участкалари бириктирилиб, улар кўчатларни парваришлашга масъул этиб тайинланди.
Бир қарашда барча шароитлар яратилганга ўхшайди. Аммо амалда бу дарахтлар бугунги кунда жуда ачинарли аҳволда. Хусусан, Шерабод тумани орқали ўтувчи М-39 магистрал йўли ёқасидаги кўчатларнинг катта қисми қуриб кетмоқда. Яратилган тизимнинг ишламаётгани, масъулларнинг бепарволиги ва энг ачинарлиси, бу муаммога ҳеч кимнинг жиддий эътибор бермаётгани туфайли кўчатлар тик туриб “жон бермоқда”.
Муаммоларнинг асосий сабабларидан бири — суғориш тизимининг самарасизлиги. Ёмғирлатиб суғориш учун мўлжалланган ускуналар баъзи жойларда умуман ишга туширилмаган, баъзилари эса носоз ҳолда. Сув манбалари етарлича таъминланмаган. Бунинг устига, масъул ташкилотлар ўзларига бириктирилган ҳудудлардаги дарахтларни суғориш ва парваришлаш ишларини назорат қилмаяпти. Ўз навбатида, маҳаллий аҳоли ва йўл бўйлаб ҳаракатланувчи фуқаролар бу ҳолатни кўриб, ачинмоқда. Улар томонидан билдирилаётган фикрлар бир хил — “нима учун бу дарахтлар қуриб бораётганига ҳеч кимнинг ичи ачимаяпти?”
— Ҳар куни велосипедда шу ҳудуддан ишга қатнайман, — дейди ўзини Илҳом ака деб таништирган фуқаро. — Қуриб, нобуд бўлиш арафасидаги арчаларнинг саноғи йўқ, кўриб, раҳмим келади. Масъуллар эътибор бермаса, вазият янада ёмонлашади. Менинг таклифим шундаки, ҳозир ишсиз юрган ёки қўшимча даромад излаётган фуқаролар бор. Агар ўзларига бириктирилган ташкилотлар дарахтларни парваришлашга вақт ажратолмасалар, ўз юмушларидан ортмасалар, шу каби фуқароларни ойлик маош билан ишга ёллашлари мумкин. Улар бу ишга бажонидил киришарди, дарахтларни ўз вақтида суғориш, парваришлар ва тиканзорларни тозалаш каби вазифаларни аъло даражада бажарардилар. Бунда ижтимоий муаммо ҳам ечилади — ишсизлар ўзини банд деб ҳис этади, қўшимча даромадга эга бўлади, иш берувчи томон эса зиммасидаги масъулиятни бажаради.
Илҳом аканинг сўзларида жон бор. Масъуллар бу ҳақда ўйлаб кўришларига арзийдиган таклиф. Агар шунча маблағ, меҳнат ва ресурслар сарфланиб, натижада қуриб кетган кўчатлар ортидан жим турилаверса, бу нафақат лойиҳанинг самарадорлигига, балки давлат сиёсатининг ижросига ҳам жиддий соя солади. Чунки “Яшил макон” — бу фақат қўлда кетмон олиб кўчат экиш эмас. Бу бир бутун тизимли ишлар, суғориш, парвариш, назорат ва жавобгарлик демакдир.
Айниқса, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида ҳар бир сўм, ҳар бир кўчат ҳисоб-китоб қилиниши шарт. Бу лойиҳага ўтказилаётган маблағнинг кўкка совурилишидан фақат табиат эмас, аксинча иқтисодиётимиз ҳам катта талафот кўради. Қолаверса, одамлар кўз ўнгида қуриб бораётган дарахтлар мутасаддиларга, маҳаллий раҳбарларга бўлган ишончни сусайтиради.
Шундай экан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси шунчаки рамзий ташаббус эмас, балки амалий натижа бериши лозим бўлган кенг қамровли ҳаракатдир. Дарахтлар қуриб боряптими — демак, тизим ишламаяпти. Тизим ишламаяптими — демак, кимдир ўз вазифасини бажармаяпти. Демак, улар табиатга, жамиятга хиёнат қиляпти. Бу хиёнатни эса кечириб бўлмайди. Биз бу мақола юзасидан тегишли вазирликдан аниқ жавоб кутамиз ва мавзуга яна қайтамиз.
Фарҳод ЭСОНОВ,
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг