Қозоғистонда автобус ЙТҲга учради. Ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор

15:43 07 Декабрь 2025 Жамият
417 0

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 5 киши ҳалок бўлди, улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса бугун, 7 декабрь куни соат 08:57 да Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Айтекеби туманидан ўтган Республика аҳамиятига эга автомобиль йўлининг 1028 километрида содир бўлган. «Перм-Тошкент» йўналишида ҳаракатланган «Yutong» русумли йўловчи автобуси ён томонга ариққа ағдарилиб кетган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида автобусда бўлган 49 нафар йўловчидан 5 нафари вафот этган, улардан 2 нафари Ўзбекистон фуқароси бўлган.

«Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишчи гуруҳ тузган ҳолда, ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этганларни Ватанга олиб келиш ва уларнинг оила аъзоларига дафн маросимларини ўтказишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича барча зарур чораларни кўрмоқда», дейилади вазирлик хабарида.

Таъкидланишича, ҳозирда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг масъул ходимлари Қозоғистонлик ҳамкасблари билан доимий алоқада бўлиб, бахтсиз ҳодисани келиб чиқиш сабабларини ўрганиш бўйича ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?