Қўштепа туманида «IT Park» маркази ишга туширилди
Қўштепа туманида ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришга қаратилган муҳим лойиҳа — «IT Park» маркази ўз фаолиятини бошлади.
Тантанали очилиш маросимида таъкидланганидек, мазкур марказ туманда рақамли инфратузилмани ривожлантириш, ёшларнинг замонавий касбларга бўлган қизиқишини ошириш ҳамда истиқболли ғоя ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
— Марказда ҳар куни 100 нафаргача ёш IT ва хорижий тиллар бўйича амалий билим ва кўникмаларини ошириш имкониятига эга бўлади, — дейди Қўштепа тумани ҳокими маслаҳатчиси Саидакрамхон Саидаҳмедов. — Шунингдек, дастлабки бизнес-ғоялар ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш мақсадида марказ қошида коворкинг зона — «ғоялар ҳудуди» ташкил этилди.

Марказ фаолияти доирасида Қўштепа туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган истиқболли дастурлар ишлаб чиқишда ёшларнинг ташаббус ва ғояларидан самарали фойдаланиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, IT соҳасида жаҳон бозорида нуфузга эга компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали хорижий илғор тажрибаларни амалиётга кенг жорий этиш режалаштирилмоқда.
Пойтахтдан таклиф этилган тажрибали мутахассислар иштирокида дастурлаш, веб-сайтлар яратиш, график дизайн, робототехника каби йўналишларда мунтазам маҳорат дарслари ўтказилади.
Айтиш жоиз, шу кунга қадар қўштепалик ёшлар замонавий ахборот технологиялари бўйича қўшимча билим олиш учун Марғилон шаҳри ёки вилоят марказига қатнаб келган. Эндиликда улар ўз туманида замонавий шароитларда таҳсил олиб, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва халқаро майдонда ўз хизматларини экспорт қилиш имкониятига эга бўлмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг