«Қора уй» қандай қурилади?

08:39 29 Сентябр 2020 Жамият
4920 0

Чимбой туманида қора уй устахонаси, туристлар учун оилавий меҳмонхона ва уй музейи очилди. Бу - учта йўналиш яъни тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва туризм соҳаларини бир манзилда жамлаштириб, битта тадбиркор томонидан амалга оширилаётгани билан аҳамиятлидир.

Қорақалпоғистонда Чимбой ҳақида гап кетганда 5 қалъанинг бири, дея таъриф берилади. Бу бежиз эмас, албатта. Ўзига хос тарихга эга Чимбойда қорақалпоқ халқининг миллий урф-одатлари,  ҳунармандчилик ва амалий санъатини сақлаш ва келгуси авлодларга етказиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудудда ўтов, яъни «қора уй» ясовчи уста ҳунармандлар кўп бўлишган. Азамат Турекеев ана шундай уста ҳунармандларнинг учинчи авлоди. У юртимизда ҳунармандчилик ва ҳудудларга туристларни жалб қилиш, уларга қулай шароитлар яратиш бўйича тадбиркорларга яратилаётган шароитлардан самарали фойдаланиш  мақсадида устахона, меҳмонхона ва музейни битта хонадонда очиш ташаббуси билан чиқди. А.Турекеевнинг ташаббуси Туризмни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси, Ҳунармандлар бирлашмаси ва туман ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланди ва ушбу фаолиятни йўлга қўйиш учун амалий ёрдамлар кўрсатилди.

— Миллий «қора уй»нинг суратини кўриб, ёки ичига кириб кўрганлар ҳам бу уйнинг тайёр ҳолини таний олади, — дейди уста, тадбиркор Азамат Турекеев. — Бизга замондош бўлган маҳаллий аҳолига ҳам ва сайёҳларга ҳам «қора уй»нинг ясалиш жараёнлари жуда қизиқ. Шунинг учун ушбу устахонани ташкил қилдик, жараёнларни сайёҳлар бевосита кузатиб боришлари учун уй меҳмонхонасини ҳам ташкил қилдик. Халқимиз тарихи, санъати ва ҳунармандчилик намуналари ва эски рўзғор буюмлари каби 200 дан ортиқ экспонатлар эса музейимиздан жой олган.

Тадбиркор ушбу фаолиятларини ташкил қилиш учун "Микрокредитбанк"нинг Чимбой тумани бўлимидан 30 млн. имтиёзли кредит олган эди. Бугунгача 5 нафар янги иш ўрни яратилди. Тадбиркор ташаббуси билан бошланган ушбу хайрли иш натижасида нафақат янги иш ўринлари яратилди, балки миллий ҳунармандчилик бўйича «Устоз-шогирд» анъаналари давом эттирилмоқда.

Эндиликда Чимбойга ташриф буюрган сайёҳлар устахонада қурилишини кузатиш, меҳмонхонада дам олиш ва музейида тарихини билиши мумкин. Кўз ўнгимизда оддий қоратол дарахти шохлари ҳунарманд усталар томонидан ишлов берилиб керакли шаклларга келтирилади. Кейинчалик ишлов берилган шохларнинг белгиланган тешикларидан махсус ишлов берилиб, ип шаклига келтирилган мол териси ўтказилади. Шу тариқа «қора уй» қисмлари шакллантирилиб, ўтов тиклана боради. Албатта, бунинг учун асосий хомашёси ҳисобланган қоратол дарахти камида 5 йил яшаган бўлиши керак ва ишлов беришнинг ҳам ўзига хос усуллари бор.

«Қора уй»ларни миллий нақшлар билан безатиш ҳам ишнинг асосий қисми ҳисобланади. Ҳозирги кунда «қора уй»ларга буюртмалар тушаётгани учун тадбиркор бу ишни ҳам йўлга қўйди. Устахонада тайёр бўлган «қора уй»ларшу ердаги ҳунарманд аёл-қизлар томонидан миллий нақшлар билан безатилмоқда.

Ғайратжон ОТАЖОНОВ
("Халқ сўзи")

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?