Қирғизистонда қор қоплони расман миллий рамз сифатида тан олинди

09:46 25 Октябр 2025 Дунё
172 0

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси мамлакатнинг миллий рамзи сифатида қор қоплонини (илбарс) тан олди. Ҳужжат Вазирлар Маҳкамаси раиси Одилбек Қосималиев томонидан имзоланди ва унда илбарснинг расмий логотипини қабул қилиш ҳамда ундан фойдаланиш тартиби белгилаб берилди.

Бу қарор Қирғизистон президентининг “Қор қоплонини Қирғизистон Республикасининг миллий рамзи сифатида тан олиш тўғрисида”ги фармонини амалга ошириш доирасида қабул қилинган. Ҳужжат мамлакатнинг табиий ва маданий меросини сақлаш, муҳофаза қилиш ҳамда оммалаштиришни мақсад қилади.

Шу билан бирга, Табиат ресурслари, экология ва техник назорат вазирлигига қор қоплони популяцияси ва яшаш ҳудудини сақлаб қолиш бўйича махсус чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси юклатилди.

Қарорга кўра, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ташкилот ва муассасалар ушбу талабларга амал қилиши шарт.

Маълумот учун, қор қоплони — дунёдаги энг гўзал ва ноёб йиртқичлардан бири бўлиб, Марказий Осиё тоғларида, жумладан Ҳимолай, Помир, Тян-Шан, Ҳиндикуш ва Олтой тизмаларида яшайди. У 12 мамлакатда — Хитой, Мўғулистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Непал, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Тожикистон ва Бутанда учрайди.

Қор қоплони Халқаро Қизил Китобга “заиф тур” сифатида киритилган. Асосий таҳдидлар қаторида браконьерлик, яшаш жойининг қисқариши ва ёввойи ҳайвонлар сонининг камайиши қайд этилган. Ҳозирги кунда у миллий боғлар ва қўриқхоналарда қўриқланмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер