Қашқадарёлик ёшлар ғазалхонлик борасида беллашишди
Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги муносабати билан эълон қилинган “Юз ғазал – юз жавоҳир” танловининг Қашқадарё вилоят босқичи ўтказилди.
Ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг безавол адабий мероси мисолида ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш, шу орқали кўплаб иқтидор эгаларини кашф этиш мақсадида ташкил этилган танловда туман ва шаҳарлардан сараланган иштирокчилар мумтоз адабиёт бўйича иқтидор ва маҳоратларини намоён этишди.

Баҳолашда ёдланган ғазаллар сони, бадиий ифода, ижро маҳорати, иштирокчининг ғазал маъно-мазмунини нечоғлик тушунганига асосий эътибор қаратилди. Танлов қатнашчилари орасида мактаб ўқувчилари, ўқитувчилар, талабалар, кутубхоначилар борлиги, айниқса, ёшлар кўп экани эътиборга молик. Умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларида таҳсил олаётган қизалоқлар Навоий ва Бобур ижодидан юздан ошиқ ғазалларни ёд олгани ҳакамлар ҳайъати ва йиғилганлар олқишларига сазовор бўлди.
- Алишер Навоий ва Бобур ижоди чексиз уммонга ўхшайди, ундан барча истаганча баҳраманд бўлиши мумкин, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари Комила Каромова. – Ёшларнинг мумтоз адабиётга қизиқишини ошириш мақсадида бу йил танловда пул мукофотларини жорий этдик. Шунга монанд, рақобат ҳам анча кучли бўлди.

Якуний натижаларга кўра, Қарши давлат университети Гулсевар Тошмуродова 1-ўринни қўлга киритди. Қамаши туманидаги 5-мактаб ўқувчиси Сабина Қодирова 2- ва Қарши туманилик Дилбар Қўлдошева 3-ўринга муносиб кўрилди. 1-ўрин соҳибига 3 миллион сўм, 2-ўринга 2 миллион ва 3-ўринга 1 миллион сўм пул мукофотлари топширилди.
Шунингдек, иштирокчилар “Энг яхши ижро”, “Энг ёш ғазалхон”, “Энг зукко ғазалхон” каби номинацияларда ҳам тақдирланди. Уларга қимматбаҳо совғалар, диплом ва китоблар тўплами тақдим этилди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Дзюдо бўйича Тошкент “Катта дубулға” мусобақаси бошланди
- 1 март — Зулфия таваллуд топган кун. «Бугун тунда келармиш баҳор»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг