Қашқадарё ва Сурхондарё заргарлик мероси намойиши

Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида 31 январь — Халқаро заргарлар куни муносабати билан “Қашқадарё ва Сурхондарё заргарлик мероси” деб номланган кўргазма очилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар томонидан юртимизда заргарликни кенг қўллаб-қувватлаш, бу соҳада ижод қилаётган ҳунарманд заргарларга имконият ва имтиёзлар яратишга эътибор кучайиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Кўргазмани ташкил этишдан мақсад — мамлакатимизнинг бой заргарлик меросини кенг жамоатчиликка таништиришдан иборат. Шунингдек, қадимий заргарлик санъатининг ноёб намуналарини тарғиб қилиш, халқ ҳунармандчилигининг маданий аҳамиятини кўрсатиш ва миллий анъаналарни асраб-авайлашда жамиятнинг ролини юксалтиришга қаратилган.
Эътиборлиси, ушбу кўргазмада XIX-ХХ асрларга оид музейда сақланаётган 33 дона ноёб асори атиқалар намойишга қўйилди. Шундан 18 таси Сурхондарё вилоятига мансуб бўлиб, улар қаторида сирғалар, чочпопук, бўйин ва пешона безаклари, жамалак, билагузук ҳамда аёллар кўкрак безаклари бор. Шунингдек, заргарлик тақинчоқлари билан безатилган аёллар дўпписи ҳам намойиш этилди. Қолган 10 та экспонат эса Қашқадарё вилоятига тегишлидир. Булар хотин-қизлар учун мўлжалланган пешона безаклари — “тиллабаргак”, “бибишаки”, шунингдек, кўйлак учун маржонлар, “моҳи тилло”, жамалак каби нафис заргарлик буюмларидир.
Тадбир давомида Қашқадарё ва Сурхондарё бахшилари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ҳаммага хуш кайфият улашди.
Маълумот учун, кўргазма 10 февралга қадар давом этади.
Диёра ЮСУПАЛИЕВА,
ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети талабаси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг