Президент Шавкат Мирзиёев касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашув ўтказди

16:35 17 Октябр 2025 Сиёсат
391 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашув ўтказди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида касаба уюшмалари ҳаракати аъзоларига ўзининг юксак ҳурмати ва эзгу тилакларини билдирди, ҳар бир корхона ва ташкилотга ишчанлик муҳитини, меҳнат жамоаларига рағбат ва адолат руҳини олиб кираётгани учун миннатдорлик билдирди.

– Биз бугун Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан марраларга интилиб, дадил қадам ташлаяпмиз. Дунёда геосиёсий ва иқтисодий кескинлик авж олиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда юртимизда тинчлик ва хотиржамликни мустаҳкамлаб, кўп миллатли халқимиз ҳаётини янада яхшилашга маҳкам бел боғлаганмиз. Бу борада меҳнаткаш ва бағрикенг халқимиз, ҳар бир юртдошимизнинг ўрни, қўшаётган ҳиссаси беқиёс, – деди Президент.

Саккиз йилда иқтисодиётимизга 130 миллиард доллар инвестиция кириб келгани, минглаб янги қувватлар ишга туширилиб, миллионлаб доимий иш ўрни яратилгани таъкидланди. Хусусий секторга кенг йўл очилиб, одамларга муносиб меҳнат шароити яратиб берилгани учун жон бошига даромад 3,5 минг долларга етди.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, кафолатланган ижтимоий ҳимояни таъминлаш бўйича мустаҳкам қонуний асослар яратилгани таъкидланди. Янги таҳрирдаги Конституция, Меҳнат кодекси, “Аҳоли бандлиги тўғрисида” ва “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилиниши бу соҳада муҳим қадам бўлди.

Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти стандартларини қабул қилаётган энг фаол давлатлар сафидан жой олди. Саккиз йил олдин ушбу ташкилотнинг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган ҳужжатлари сони 12 та бўлган бўлса, ҳозирги кунда 25 тага етди.

– Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш узоқ йиллар биз учун энг оғриқли масала бўлиб келган эди. Фақат кучли ирода, қатъий позициямиз орқали биз бу мураккаб муаммони ижобий ҳал қилдик, — деди Президент.

Ўзбекистоннинг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича илғор тажрибаси Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан намуна сифатида бошқа давлатларга тавсия этилгани ҳам шундан далолат беради.

Мамлакатимиз саноқли давлатлар қаторида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Адолатли ўтиш жараёнлари учун иш ўринлари яратиш ва ижтимоий ҳимоя бўйича глобал акселератор” ташаббусида иштирок этмоқда, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Ижтимоий адолат бўйича глобал коалицияси”да қатнашмоқда, мамлакатимиз ўтган йили ушбу ташкилотнинг Маъмурий Кенгаши аъзолигига сайланди.

Бу натижаларда 8 миллионга яқин аъзога эга, энг халқчил ва катта нодавлат ташкилоти бўлган касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссаси борлиги таъкидланди.

– Биз Ўзбекистонда касаба уюшмаларининг эркин ва мустақил фаолият юритиши учун барча шароитларни яратиб бердик ва мана шу принципларга ҳамиша содиқмиз. Бундан буён ҳам касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини таъминлаш, уларнинг фаолиятига аралашмаслик бўйича сиёсатни қатъий давом эттирамиз, – деди Президент.

Касаба уюшмаларининг корхона ва ташкилотларда меҳнатга оид ҳуқуқларни ҳимоя қилишдаги жонбозлиги алоҳида қайд этилди.

Кейинги йилларда 500 мингга яқин ходимнинг қонуний ҳуқуқлари ҳимоя қилинди, уларнинг фойдасига 267 миллиард сўм ундириб берилди. Ишдаги бахтсиз ҳодисалар туфайли жабрланган 1 минг нафар ходимга 35 миллиард сўм товон пули тўлаб берилган. Ноҳақ бўшатилган 13 минг ходим ишга тикланган.

Касаба уюшмаларининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи ортиб бормоқда. Федерация ташаббуси билан 2021 йилда Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари касаба уюшмалари кенгаши тузилди. 2023 йилда Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилотига асос солинди. Федерация ўтган йили Халқаро касаба уюшмалари конфедерациясига аъзо бўлгани унинг дунёдаги мавқеини янги босқичга олиб чиқадиган тарихий воқеа бўлди.

Учрашувда касаба уюшмалари фаолиятини янада ривожлантириш ва меҳнат муносабатларини яхшилаш бўйича келгуси вазифалар ҳам муҳокама қилинди.

Келгуси йилдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига оид қонунчилик ҳужжатлари лойиҳасини ишлаб чиқишга Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссиясини (Касаба уюшмалари федерацияси, Бандлик вазирлиги, Иш берувчилар конфедерацияси) ҳам жалб қилиш таклиф этилди. Бу меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилашда ходимлар манфаатини кафолатли ҳимоя қилиш бўйича янгича ёндашув бўлади.

Глобаллашув ва рақамли тараққиёт шароитида меҳнат муносабатлари соҳасида янги шакллар, жумладан масофавий ва платформали бандлик кенг оммалашмоқда. Бугун ушбу йўналишлар иқтисодий тараққиётимизнинг бир қисмига, уларда фаолият юритаётган одамлар эса меҳнат муносабатларининг тенг ҳуқуқли субъектига айланмоқда.

Шу боис, касаба уюшмалари билан биргаликда платформаларда фаолият юритаётган фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш, уларнинг ҳаёти, хавфсизлигини суғурталаш бўйича асосланган таклифларни ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Хотин-қизларнинг фаол ижтимоий қатлам бўлиб шаклланишида касаба уюшмаларини етакчи кучга айлантириш учун бугун барча имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Президентимиз меҳнат бозорида хотин-қизлар учун тенг имкониятлар яратиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига ва ижтимоий фаоллигини оширишга кўмаклашиш бўйича янги ёндашувларни жорий этишга чақирди.

Ҳар йили меҳнат жамоаларидаги гендер аудит натижаларини муҳокама қилиб, иш берувчилар билан биргаликда хотин-қизларга янада қулай меҳнат шароитларини яратиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

Касаба уюшмалари яраштирувчи, муросага келтирувчи бўғин сифатида иш берувчи ва ходим ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилишда фаоллик кўрсатиши муҳим экани қайд этилди.

Шу билан бирга, иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Масъул вазирликларга касаба уюшмалари билан бирга бахтсиз ҳодиса ва касбга оид касалликларга чалиниш ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни олишнинг ягона тизимини ишга тушириш ҳамда бундай ҳодисалар ҳисоботини юритиш, сабабларини таҳлил қилиш ва унга ечим топиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Тегишли тармоқларда меҳнат қилаётган ходимлар ҳуқуқларини ишончли таъминлайдиган ташаббусларни илгари суриш мақсадида вазирлик ва идоралар ҳамда тармоқ касаба уюшмалари коллегиал органларининг қўшма йиғилишини доимий равишда ўтказиб борадиган тизимни йўлга қўйиш таклиф этилди

Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилаётган Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2030 йилгача мўлжалланган дастурда муносиб бандлик, меҳнат муҳофазаси, ижтимоий суғурта, гендер тенглик, ёшлар ва инклюзивлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиши зарурлиги таъкидланди.

Турли сабаблар билан ишсиз қолган, меҳнат жараёнида касаллик ёки ногиронликка чалинган одамларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш кафолатларини кучайтириш ҳам долзарб вазифадир.

Шу боис, тўғридан тўғри амал қилувчи “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинишини тезлаштириб, унда ижтимоий суғурта жамғармасини шакллантиришда иш берувчи ва ходимлар иштироки аниқ белгилаш зарурлиги қайд этилди.

Олимлар, соҳа фахрийлари ва фаоллари томонидан ўтказилган ўрганишлар юртимизда касаба уюшмалари ҳаракатига 1905 йилда асос солинганини исботлади. Шу боис, бу йил бутун мамлакатимиз бўйлаб, касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик юбилейи кенг нишонланмоқда.

Ушбу сана муносабати билан Президентимиз меҳнаткаш халқимизга чуқур ҳурмат ва эҳтиром ифодаси сифатида ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари”ни ташкил этишни таклиф қилди.

– Биргаликда бошлаган ишларимиз ҳар бир меҳнат жамоаси, ҳар бир ходим ва унинг оиласи учун манфаатли бўлаётганига яна бир бор амин бўлдим. Бундан буён ҳам “Инсон қадри учун”, деган эзгу ғоя Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади, — деди давлатимиз раҳбари.

Сўзини якунлар экан, давлатимиз раҳбари соҳа вакилларини Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллик юбилейи ва яқинлашиб келаётган касаба уюшмалари куни билан табриклади.

Учрашувда касаба уюшмалари фаоллари билан мулоқот ўтказилиб, уларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?