Президент Фармони билан «Made in Uzbekistan» дастури ишга туширилади
Ўзбекистон Президентининг 2025–2027 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича Фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат тармоқнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, экспорт ҳажмини ошириш ва халқаро бозорларда миллий маҳсулотларни кенг тарғиб қилишга қаратилган.
Фармон доирасида бир қатор мақсадли кўрсаткичлар белгиланган бўлиб, 2025 йилда экспортни 4 миллиард, 2026 йилда 5 миллиард, 2027 йилга келиб эса 7 миллиард АҚШ долларига етказиш режалаштирилган. Шунингдек, АҚШ ва Европа бозорларига 500 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилиш мақсад қилинган.
Фармон доирасида «Made in Uzbekistan» дастури амалга оширилади. Бу дастур маҳаллий маҳсулот ва брендларни халқаро савдо майдонларида кенг тарғиб қилиш, уларни жойлаштириш ва реклама қилишга қаратилган.
Ушбу ташаббус орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар халқаро миқёсда танилиши ва жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлиши кутиляпти. «Made in Uzbekistan» дастури нафақат миллий маҳсулотлар имижини яхшилайди, балки тармоқнинг экспорт салоҳиятини оширишда муҳим қадам бўлади.
Тўқимачилик саноатида қайта ишлашни чуқурлаштириш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун 5 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб қилиш назарда тутилган. Шунингдек, замонавий технологиялар ва дизайнерлик ишланмаларини жорий қилиш орқали экспортда тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларининг улушини 70 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Тармоқдаги тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратилади. «Савдони ривожлантириш компанияси» ҳузурида ташкил этиладиган факторинг ташкилоти корхоналарга янги молиявий имкониятлар яратиб, уларнинг барқарор ривожланишини таъминлайди.
Президент Фармони тармоқни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, янги иш ўринлари яратиш ва Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги мавқейини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг бир қисми бўлиб, миллий саноатнинг халқаро даражада танилишини таъминлашга хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг