Президент чўкаётган қизчаларни қутқариб, ҳалок бўлган фуқарони мукофотлади

Аввалроқ Тошкент шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи Бўрижар каналига тушиб кетган икки нафар қизни қутқарган эркакнинг ўзи чўкиб кетиб ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 5 май куни содир бўлган машъум воқеада қаҳрамонларча ҳалок бўлган Абдуманноп Самиқовни «Жасорат» медали билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган.
«Мард ва жасур ватандошимиз Абдуманноп Самиқов ўзини сувга ташлаб, норасидалар ҳаётини сақлаб қолди. Лекин, афсуски, бахтсиз ҳодиса рўй берди – бу эзгулик йўлида унинг ўзи қаҳрамонларча ҳалок бўлди.
Маълум бўлишича, бу фидойилик бежиз эмас – Абдуманноп Самиқов ҳамиша одамларга яхшилик қиладиган, эл корига ярайдиган ватанпарвар инсон эди», деб ёзади Шерзод Асадов.
Унинг таъкидлашича, давлат раҳбари бу жасорат тарихини юрагига яқин олиб, аввало, марҳумнинг рафиқаси ва фарзандларига ҳамдардлик билдирган. Президент шунингдек, бугун, 3 июнь куни марҳум Абдуманноп Самиқовни «Жасорат» медали билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган.
Бундан ташқари, қизалоқларни қутқаришда жонбозлик кўрсатган «Бўрижар» спорт мажмуаси ишчиси Нурмуҳаммад Мамасалиев ҳам «Жасорат» медали билан тақдирланган.
«Бу мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ватан қаҳрамонларига ҳурмат кўрсатиш борасидаги эътиборнинг яна бир ифодаси бўлди. Кучли ва меҳр-оқибатли жамиятда инсонийлик ҳеч қачон унутилмайди», деб ёзади Президент матбуот котиби.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг