Полвонлар юртидан нега зўр боксчилар чиқмаяпти?
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Бугун мамлакатимизда энг ривожланган спорт турларидан бири бокс ҳисобланади. Бу боксчиларимизнинг XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида қайд этган юксак натижаларига қараб айтилаётган фикр эмас. Юртимиздан кўплаб номдор боксчилар етишиб чиққан.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан иқтидорли ёш боксчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш, мусобақаларга юқори даражада тайёрлаш борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқдаки, натижада ўзбек боксининг шиддати янада ошиб бораяпти. Бугун ҳаваскор ва профессионал боксда бир эмас, ўнлаб спортчиларимиз ўз вазн тоифаларида дунёнинг энг кучли боксчилари сафида эътироф этилаётгани фикримиз далили.
Эътиборга молик жиҳати, ушбу боксчиларнинг аксарияти Бухоро, Тошкент, Хоразм ҳамда водий бокс мактабларида камол топган. Демакки, ушбу ҳудудларда бу борадаги ишлар тўғри йўлга қўйилган. Натижалар ҳам шунга яраша бўлмоқда. Бироқ айрим вилоятлардан сўнгги чорак аср давомида бирорта ҳам номдор боксчи чиққани йўқ. Ваҳоланки, ушбу ҳудудларда ҳам етарли шарт-шароитлар яратилган. Юзлаб мураббийлар ёшларни бокс билан шуғуллантирмоқда. Лекин негадир натижалар кутилганидек эмас.
Мисол учун, Қашқадарё вилоятини олайлик. Азал-азалдан полвонлар юрти сифатида ном таратган воҳадан сўнгги 15-20 йил давомида ўз вазнида яққол етакчи бўлган бирорта ҳам боксчи етишиб чиқмади. Хўш, нега? Нима учун Қашқадарёда бокс билан шуғулланаётган ёшлар кўпу натижа мақтанарлик эмас?
Вилоятдаги бокс мактаблари, тўгараклар фаолиятини ўрганиш жараёнида мураббийлар, мутасаддилар, спортчи ёшларнинг фикрларини эшитдик. Сўнгги йилларда қашқадарёлик ёш боксчилар қатнашган мусобақалар, қўлга киритилган ютуқлар билан қизиқдик.
Таъкидлаш жоиз, 2010 йилдан буён қашқадарёлик боксчилар эришган энг ёрқин натижа китоблик Райҳона Қодированинг «Токио — 2020» ёзги Олимпия ўйинларидаги иштироки экан.
Ҳақиқатан ўша Олимпия ўйинларида 60 килограмм вазн тоифасида рингга чиққан Райҳона жуда чиройли жанглар ўтказган, аммо чорак финалда бразилиялик Беатриз Феррейрага имкониятни бой бериб қўйган эди.
75 килограмм вазн тоифасида рингга чиқадиган яна бир боксчи қиз – Мавлуда Мавлонова 2021 йилда ҳарбийлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган.
Ўғил болалар ўртасида 71 килограмм вазн тоифасида рингга чиқадиган иқтидорли боксчи Азизбек Тожиевнинг натижалари ҳам ёмон эмас. У бир неча бор Ўзбекистон чемпиони. 2022 йилда Тошкент шаҳрида бокс бўйича 22 ёшгача бўлган йигит ва қизлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатининг олтин медалини қўлга киритган. Бугунги кунда кўпчилик мураббийлар Азизбек Тожиевнинг имкониятларини юқори баҳоламоқда.
— Париж шаҳрида бўлиб ўтган Олимпия ўйинларига йўлланма олишим мумкин эди, — дейди у. — Шунинг учун кўп ҳаракат қилгандим. Бироқ бир йил аввал саломатлигим панд бергани туфайли даволанишимга тўғри келди. Қабул қилган дориларим таркибида боксда тақиқланадиган модда бор экан. Буни билмаганман. Ўтказилган «доппинг» тестида шу нарса маълум бўлгач, 2025 йилга қадар дисквалификация қилиндим. Ҳозир Қозон шаҳрида машғулотларни давом эттираяпман. Келгусида олимпиада ва жаҳон чемпионатларида юқори натижаларни қўлга киритишни мақсад қилганман.
Бундан ташқари, қашқадарёлик бир нечта боксчилар турли йилларида бўлиб ўтган жаҳон ва Осиё чемпионатларида иккинчи, учинчи ўринларни қўлга киритишга муваффақ бўлган. Кўп марта Ўзбекистон чемпиони бўлган йигит-қизлар бор.
Албатта, ушбу натижалар ҳам осон қўлга киритилмаган. Уларнинг ортида спортчилар ва мураббийларнинг йиллар давомида қилган меҳнати, чеккан машаққатлари натижаси мужассам. Бироқ бугунги кунда вилоятдаги фақат давлат томонидан молиялаштириладиган спорт муассасаларининг ўзида 45 нафар мураббий ёшларни бокс билан шуғуллантираётгани, 2 минг 400 нафарга яқин ёшлар мунтазам машғулотларда иштирок этаётганини инобатга олсак, бу анча камнамо кўрсаткичлар экани аёнлашади.
— Тўғри, натижаларимиз мақтангулик эмас, — дейди Ўзбекистон бокс федерацияси Қашқадарё вилояти бўлими ижрочи директори Жаҳонгир Аннаев. — Бу кўп йиллар давомида вилоятда ушбу спорт турига эътибор қаратилмагани, ҳудудда спорт мусобақалари тизимли ташкиллаштирилмагани билан боғлиқ. 2021 йилда Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев Ўзбекистон бокс федерацияси Қашқадарё вилояти бўлими раиси, мен эса ижрочи директори этиб тайинланган эдим. Олдимизга вилоятда бокс спорт турининг даражасини кўтариш вазифаси қўйилган. Ҳозир бутун куч ва имкониятларни ишга солиб, шунга ҳаракат қиляпмиз. Бу борада бир қатор натижаларга эришяпмиз ҳам. Масалан, 2021 йилда Қашқадарё вилояти мамлакатимиз ҳудудлари ичида бокс спорт туридаги умумий кўрсаткичлар бўйича 13-ўринда эди, ҳозир 8-ўринга кўтарилдик. Янада кўтариламиз. Бунга имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етади.
Жаҳонгир Аннаевнинг айтишича, ёш боксчиларнинг ривожланиши, тобланиши учун энг аввало ҳақиқий ринг, кучли мусобақалар, кучли спарринг рақиблар керак. Кўп йиллар давомида вилоятда бундай мусобақалар ўтказилмай қўйган эди. Сўнгги йилларда эса Қашқадарёда ҳам нуфузли бокс турнирларини ташкил этиш анъана тусини олмоқда. Бу мусобақалар кўплаб умидли спортчиларни кашф этиб бермоқда. Яқин йиллар ичида Қашқадарёдан ҳам катта рингларни забт этадиган кучли боксчилар етишиб чиқа бошлайди.
Аслида бизни бу борада мулоҳазага, таҳлилга чорлаган нарса ҳам шу — вилоятда ҳам бокснинг ривожланиши, қашқадарёлик ёшларнинг дунё рингларини забт этиши истагидир. Зеро, юртимизда ушбу спорт турининг янада ривожланиши, янада юксалиши учун барча ҳудудлардаги бокс мактаблари ҳам бирдек фаоллик кўрсатиши зарур.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
- Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида қисқа фурсатга тўхтаган Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелони билан учрашув ўтказди
- Кучли қичишиш ва жисмоний азобдан ташқари, инсонни руҳан ҳам емиради
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг