Пойтахтда Амир Темур хиёбони ҳудуди вақтинча ёпилади

19:27 22 Март 2026 Жамият
455 0

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ободонлаштириш ишлари олиб борилиши муносабати билан 2026 йил 23 мартдан 7 апрель кунига қадар (шу куни ҳам) Амир Темур хиёбони ҳудуди бутун периметри бўйлаб вақтинча ёпилади. Бу ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.

Билдирилишича, мазкур чекловлар фақат Махтумқули, Истиқбол, Сайилгоҳ кўчалари ҳамда Амир Темур ва Мустақиллик шоҳкўчалари чегараларида жойлашган хиёбон майдонининг ўзига тааллуқлидир.

«Ишлар давомида пиёдалар йўлаклари қопламасини таъмирлаш ва қисман янгилаш, муҳандислик коммуникациялари ва суғориш тизимини модернизация қилиш, шунингдек, ҳудудни кўкаламзорлаштириш режалаштирилган. Янгиланаётган суғориш тизими сувдан янада оқилона фойдаланишни ҳамда мавжуд яшил майдонларни янада самаралироқ суғоришни таъминлайди», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Пойтахт ҳокимлиги олиб борилаётган ишлар доирасида мавжуд бўлган бирорта ҳам дарахтга зиён етказилмаслиги, аксинча, қўшимча кўчатлар экиш ва ҳудудни кўкаламзорлаштиришни кучайтириш ишлари кўзда тутилганини қўшимча қилган.

Маълумот учун, туташ кўчаларда автотранспорт ҳаракати ва йўл бўйида тўхтаб туриш имконияти одатдаги тартибда сақланиб қолади. Белгиланган муддатда хиёбон ҳудудига олиб чиқувчи метро бекатларининг чиқиш йўллари ҳам вақтинча ёпилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?