Пискентда 24 туп тол дарахти кесиб ташланди
Тошкент вилояти Пискент туманида 24 туп тол дарахти ноқонуний равишда кесиб ташлангани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаро мурожаатига кўра, Тошкент вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи Барҳаёт Мелиев бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, зудлик билан воқеа жойига чиқиб ўрганилган.
Ўрганиш давомида мурожаатдаги манзил — Пискент тумани Лолариқ МФЙ «Янги замин» боғдорчилик ва узумчилик ширкати ҳудудида жойлашган «Ш.» фермер хўжалигига қарашли бўлган майдонда дала четида ўсиб турган 24 туп тол дарахт ҳеч қандай рухсатномасиз, ноқонуний равишда кесиб ташлангани аниқланган.

Мазкур ҳолат бўйича фермер хўжалиги раҳбаридан тушунтириш хати олинган ҳамда далолатнома расмийлаштирилган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сонли Қарори 4-иловасига асосан 218 миллион 566 минг сўм миқдорида табиатга етказилган зарар ҳисоб-китоб қилинган.
Қайд этилишича, эндиликда тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун Тошкент вилояти прокуратурасига юборилади.
Пискент тумани ҳокимлигининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан фермер хўжалиги раҳбари С.Ю.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 1-қисми асосида маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Шундан сўнг, табиатга зарар етказган фермер ўз айбига иқрор бўлиб, кесилган дарахтлар ўрнига 200 туп манзарали дарахт экишини билдирган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг