Пилла етиштирувчиларга субсидия ажратилади

19:01 10 Март 2026 Ҳужжатлар
246 0

«Ипакчилик соҳасини янги тизим асосида ривожлантириш ҳамда озуқа базасини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақида «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-канали маълум қилди.

Мазкур қарорга кўра, 2026 йилнинг 1 апрелидан бошлаб пилла етиштирувчиларга (ипак қурти боқувчи ва касаначиларга) «маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарори асосида пиллачилик кластери ҳақиқатда пилла учун тўлаб берган маблағларнинг 35 фоизи миқдорида субсидия ажратилиши белгиланган.

Шунингдек, ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги (Ўрмон агентлиги) балансидаги ер майдонларида ташкил этиладиган тутзорларда пилла кооперативи тузиш мақсадлари учун ушбу кооператив аъзоси ҳисобланадиган камбағал оилаларга (1 та оиланинг 1 нафар аъзосига фақат 1 марта) 4 млн сўмдан субсидия ажратилиши ҳам белгилаб ўтилган.

Бундан ташқари, ипак қуртини парваришлашда зарур бўладиган асбоб-ускуна ва жиҳозларни харид қилиш учун касаначиларга 3 йил муддатга БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда ажратилади.

Уруғчилик корхоналарига ипак қурти уруғларини тайёрлаш фаолиятига жалб этиладиган ҳар бир мавсумий ишчи ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 бараваридан ошмаган қисми компенсация қилиб берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер