Озиқ-овқат хавфсизлиги: муаммолар, ислоҳотлар ва стратегик ёндашувлар

Иллюстратив фото
Бугунги кунда инсоният дуч келаётган энг жиддий глобал муаммолардан бири, бу — озиқ-овқат хавфсизлигидир. Ҳар йили юз миллионлаб инсонлар сифатсиз ёки назоратсиз озиқ-овқат маҳсулотлари туфайли соғлиғига зарар етказади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, ҳар йили 600 миллион нафар киши озиқ-овқатдан заҳарланади, уларнинг 420 минг нафари эса ҳаётдан кўз юмади. Бундай ҳолатлар соғлиқни сақлаш тизими учун ҳам, миллий иқтисодиёт учун ҳам оғир юк бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон ҳам ушбу глобал муаммони чуқур англаган ҳолда, сўнгги йилларда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича тизимли ислоҳотларни бошлаб юборди. Бу соҳадаги саъй-ҳаракатлар замирида икки муҳим мақсад ётади, биринчидан, аҳолининг соғлиғини сақлаш, иккинчидан, экспорт бозорларида рақобатбардош бўлиш. Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати нафақат ички истеъмолчилар, балки халқаро савдо ҳамкорлари учун ҳам асосий талаб бўлиб қолаверади.
Яқинда бошлаган ФАО (БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти) билан ҳамкорликдаги лойиҳа айнан шу йўналишда муҳим босқич бўлиб хизмат қилмоқда. Бу лойиҳа доирасида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича миллий назорат тизими халқаро стандартлар асосида таҳлил қилинмоқда, қонунчилик такомиллаштирилиб, малакали мутахассислар тайёрланмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муаммолар фақат назорат ёки технологияларнинг етишмаслигига бориб тақалиб қолмайди. Бу, аввало, комплекс ёндашув талаб қиладиган масаладир. Жумладан, ер ресурсларининг тўғри бошқарилиши, ишлаб чиқаришдаги гигиена меъёрларига риоя этилиши, логистика тизимидаги узилишлар, ахборот етказишдаги камчиликлар ҳамда истеъмолчилар маданиятининг етарли даражада шаклланмагани бу борадаги муҳим масалалардир.
Мутахассисларнинг фикрига кўра ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши учун эса уч йўналишда мувозанатли иш олиб борилиши зарур.
Биринчидан, ҳуқуқий база ва тартибга солиш тизимини такомиллаштириш, халқаро стандартларга мос равишда янгилаш зарурати мавжуд. Иккинчидан, техник назорат ва лаборатория инфратузилмасини ривожлантириш, хавфга асосланган мониторинг тизимини жорий қилиш ҳам кечиктириб бўлмайдиган масалалардан биридир.
Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари ва таълим орқали аҳолининг озиқ-овқат маданиятини ошириш, истеъмолчи сифатида фуқароларнинг онгли иштирокини рағбатлантириш йўналишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
ФАО экспертларининг баҳосига кўра, Ўзбекистонда қабул қилинаётган ҳуқуқий ва амалий чоралар нафақат миллий соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, балки бутун аграр секторнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда. Айниқса, миллий озиқ-овқат хавфсизлиги стратегиясининг ишлаб чиқилиши бу йўналишда узоқ муддатли натижаларни кафолатлайди.
Умуман олганда, озиқ-овқат хавфсизлиги, бу — фақат соғлиқни сақлаш ёки қишлоқ хўжалиги соҳаси доирасидаги масала эмас. Бу ижтимоий барқарорлик, иқтисодий мустаҳкамлик ва халқаро имижни белгиловчи стратегик йўналишдир. Ўзбекистонда бу борадаги ёндашув тобора тизимли тус олаётгани эса, соҳада сифат ўзгаришларга замин яратмоқда.
Ўлмасбек Абдураҳимов,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг