Ўзбекистоннинг Монакодаги биринчи элчиси тайинланди

Фото: «Дунё»
Ўзбекистоннинг Монако Князлигидаги биринчи Фавқулодда ва Мухтор элчиси Нодир Ғаниев Князь Алберт II га ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 7 октябрь куни бўлиб ўтган тантанали маросимдан сўнг ташкил этилган мулоқот чоғида Алберт II Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг боришини юқори баҳолаган.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга содиқлиги билан танилган Монако Князи Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергетика бўйича йирик лойиҳаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдириб, яшил иқтисодиётга ўтиш борасидаги саъй-ҳаракатларни ва 2030 йилгача қайта тикланадиган энергия манбаларидан электр энергиясининг 54 фоизини ишлаб чиқариш каби улкан мақсадни эътироф этган.
Монако Князи, шунингдек, Ўзбекистонни жорий йилнинг октябрь — ноябрь ойларида Самарқанд шаҳри ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига мезбонлик қилиши билан самимий табриклаган. У мазкур нуфузли тадбир Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга очиқлиги, ташқи сиёсий фаолиятининг ёрқин ифодаси эканини алоҳида таъкидлаган.
Ўзбекистон элчиси, ўз навбатида, Ўзбекистон-Монако муносабатларини янада ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишини билдирган.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Монако ўртасидаги дипломатик муносабатлар 2013 йил 29 ноябрда ўрнатилган.
Нодир Ғаниев Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси этиб тайинланган ва 2024 йил сентябрь ойида Президент Эммануэл Макронга ишонч ёрлиқларини топширган эди. Дипломат шу йилнинг май ойидан буён мамлакатимизнинг Португалиядаги элчиси лавозимида ҳам ишлаб келмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг