Ўзбекистонда умр кўриш давомийлиги сўнгги йилларда рекорд даражада ўсди

22:06 23 Май 2025 Жамият
901 0

Миллий статистика қўмитаси эълон қилган сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикасида 2024 йилда туғилишда кутилаётган умр кўриш давомийлиги 75,1 ёшни ташкил этди. Бу кўрсаткич мамлакатда сўнгги ўн йилликларда соғлиқни сақлаш, турмуш тарзи ва ижтимоий шароитларнинг яхшиланганини тасдиқловчи муҳим демографик кўрсаткич ҳисобланади.

1991 йилда туғилишда кутилаётган умр кўриш давомийлиги 66,4 ёшни ташкил этган бўлса, 1995 йилга келиб бу кўрсаткич 69,1 ёшга етди. Кейинги беш йилликда, яъни 2000 йилда умр кўриш давомийлиги 70,8 ёшни, 2005 йилда эса 71,8 ёшни ташкил қилди. Бу йиллар давомида Ўзбекистонда тиббий хизматлар сифатининг ошиб бориши, профилактик тадбирларнинг кенгайиши ва аҳолининг тиббий маданиятининг ошиши бу ўсишга хизмат қилган омиллардан бири бўлди.

2010 йилда умр кўриш давомийлиги 73 ёшга етди ва 2015 йилда 73,6 ёшгача ошди. Бироқ, 2020 йилда бу кўрсаткич бироз пасайиб, 73,4 ёшни ташкил этди. Бу қисман пандемия ва унинг оқибатлари, жумладан, соғлиқни сақлаш тизимига тушган юк ва аҳоли саломатлигига таъсир этувчи омиллар билан изоҳланади.

2024 йилда қайд этилган 75,1 ёшлик кўрсаткич эса мустақилликдан буёнги энг юқори натижа сифатида қайд этилди. Бу демографик ўзгариш Ўзбекистон аҳолиси учун нафақат умр давомийлигининг узайганини, балки ҳаёт сифати ва тиббий хизматларга бўлган етарли қамровни ҳам англатади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?