Ўзбекистонда гидротўплаш электр станциялари бунёд этилади

17:36 16 Март 2026 Жамият
249 0

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда гидротўплаш иншоотлари барпо этилади. Энергетика соҳасидаги мазкур янги лойиҳанинг ишлаш механизми гидроэлектр станцияларидан фарқли равишда сувни юқори ҳавзада ушлаб туриб, уни қайта айлантириш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Гидротўплаш электр станциясининг афзаллиги шундаки, у сутканинг электр энергиясига талаб пасайган пайтида тизимдаги электрни ўзига қабул қилиб, электрга эҳтиёж ортган тиғиз пайтда тизимга қайта етказиб беради. Бунинг натижасида аварияларнинг олди олиниб, таъминотда барқарорликка эришилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида бўлиб ўтган “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятининг 2025 йилги асосий натижалари ва янги истиқболли лойиҳалар” мавзусидаги матбуот анжуманида шу ҳақда маълумот берилди.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Жамият бошқаруви раиси ўринбосари Фаррух Нуруллаевнинг айтишича, республикамизда тўртта гидротўплаш иншооти лойиҳалари устида иш бошланган. Яъни айни пайтда хорижлик ҳамкорлар ва инвесторлар билан музокаралар олиб бориляпти. 2026 йил якунига қадар шартномалар имзоланиб, келгуси йилда дастлабки иншоотнинг қурилишига киришилади. Унинг лойиҳавий қуввати 600 мегаваттга тенг бўлиб, 2031 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилиши кўзда тутилмоқда.

Ана шундай истиқболли лойиҳаларни тайёрлашда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизимида ташкил этилган “лойиҳалар фабрикаси”нинг фаолияти қўл келаётгани алоҳида таъкидланди. Ҳозирги пайтда умумий қуввати 3,2 гигаватт бўлган 50 га яқин лойиҳа устида ташкилий-амалий ишлар олиб борилаётган бўлиб, уларнинг ҳаётга татбиқ қилиниши мамлакат мавжуд гидросалоҳиятидан унумли фойдаланиш имконини беради.

Мутахассисларнинг айтишича, юртимизда энергетика тизимини изчил ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар жараёнида қайта тикланувчи энергия манбалари фойдаланишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Натижада 2017 йилдан буён 64 та янги объект фойдаланишга топширилиб, гидроэлектр станциялар сони 100 тадан ошди. Ўз навбатида, ишлаб чиқариш қувватлари 800 мегаваттга оширилиб, умумий қувват 2 400 мегаваттга етказилди. Бунинг ҳисобига 2025 йил якунлари бўйича 6,5 млрд. кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

— 2026 йилда эса электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 15 фоизга ошириш, 264 млн. долларлик инвестицияларни ўзлаштириш ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 935 млрд. сўмга етказиш режалаштирилган, — дейди жамият бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Азимжон Аҳмаджонов. — Шу мақсадда жорий йил давомида умумий қуввати 152 мегаватт бўлган 15 та янги ишлаб чиқариш қуввати фойдаланишга топширилиши белгиланган.

Яна бир муҳим йўналиш гидроэнергетика соҳасида маҳаллийлаштириш даражасини оширишдир. Бўстонлиқ туманида гидроагрегатлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “UzHydroPower” қўшма корхонаси ишга туширилгани бу борадаги муҳим қадам бўлди. Бу ерда қисқа вақт ичида қуввати 1 кВтдан 40 МВтгача бўлган гидроагрегат ва зарурий эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Анжуманда, шунингдек, сув омборлари ва гидроэнергетика объектларида рақамлаштириш ва автоматлаштириш, сув ресурсларини онлайн мониторинг қилиш имконини берадиган янги инновацион лойиҳалар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Саид РАҲМОН

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?