Ўзбекистон — Жанубий Корея: Божхона соҳасида ҳамкорлик алоқалари янада кенгаяди

Жорий йилнинг 20-22 сентябрь кунлари Корея Республикаси Божхона хизмати Комиссари Кван Хйо Ко раҳбарлигидаги делегация ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва уни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасига ташриф буюрди.
Божхона қўмитаси Раиси Акмалхўжа Мавлонов меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон — Корея ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга ва янги поғонага кўтаришга қаратилган фаол ташқи сиёсат юритилаётганлигини алоҳида қайд этди.
Корея Республикаси Ўзбекистоннинг савдо-сотиқ шериклари орасида Осиё-Тинч океани минтақасида етакчи ўринни эгаллайди. Ўзбекистоннинг ўтган 8 ойдаги товарлар ташқи савдо айланмасига назар ташлайдиган бўлсак, Корея Республикаси Ўзбекистоннинг асосий стратегик ҳамкорлари қаторида эканлиги таъкидланди.
Учрашув давомида иккала мамлакатнинг божхона институтлари ўртасида касбий тайёргарлик соҳасида ҳамкорлик қилиш, кинология хизматлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш, сунъий интеллектни татбиқ қилиш ва бошқа йўналишлар борасида Корея тажрибасини ўрганиш бўйича Ўзбекистон божхона органлари ходимлари учун алоҳида ўқув курсларини ташкил этиш, хавфларни бошқариш соҳасида ходимларнинг малакасини ошириш, товар ва транспорт воситалари ҳақида ўзаро ахборот алмашинув жараёнларини йўлга қўйиш, техник кўмак лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда “Ваколатли иқтисодий операторларни” тан олиш бўйича ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш, “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимини такомиллаштиришда Корея тажрибасини ўрганиш каби истиқболли ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, божхона тартиб-таомилларини тегишли халқаро стандартлар, Жаҳон савдо ташкилоти, Жаҳон божхона ташкилоти томонидан тавсия этилган амалиётлар билан уйғунлаштириш зарурлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон ва Корея Ҳукуматлари ўртасидаги “Божхона соҳасида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида”ги Битимга ўзгартириш киритиш бўйича Баённома имзоланди.
Ушбу Баённоманинг имзоланиши Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасида божхона иши соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш
ва янада фаоллаштириш, божхона чегаралари орқали олиб ўтилаётган товар
ва транспорт воситалари юзасидан ўзаро маълумот алмашинувини ташкил этиш, божхона кўригида қўлланиладиган технологияларни такомиллаштириш, илғор амалий тажриба билан алмашиш, хавфларни бошқариш соҳасида ходимларнинг малакасини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш ва давлатлар ўртасида товарлар айланмасини янада соддалаштиришга хизмат қилади.
Мазкур ташриф доирасида делегация вакиллари Божхона қўмитасида барпо этилган Божхона расмийлаштируви маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.
Бу ерда Маълумотларни қайта ишлаш маркази, Масофавий электрон декларациялаш пости, “Call-марказ”, Таргетлаш ва хавфларни бошқариш бўлимлари ва Марказий божхона лабораторияси фаолияти меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Кван Хйо Ко божхона соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришларга юқори баҳо берди.
Шунингдек, делегация аъзолари Миллий кинология маркази фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида ушбу марказга ташриф буюришди.
Дастлаб меҳмонларга Марказ фаолияти ҳақида тақдимот ўтказилди. Тақдимотда Жаҳон божхона ташкилотининг Минтақавий кинология маркази мақомига эга бўлган ушбу марказда амалга оширилаётган ишлар, хусусан, хизмат итларини тайёрлаш жараёни, хорижий мамлакатлар кинологларини тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тақдимот доирасида, яқинда амалиётга жорий этилган “Рақамли кинология”автоматлаштирилган ахборот тизими меҳмонда катта қизиқиш уйғотди.
Сўнг, меҳмонлар Ихтисослаштирилган ветеринария хизмати фаолияти билан таништирилди. Марказ ходимлари томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Таъкидлаш жоизки, Божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази ҳамда Корея божхона хизмати ўртасида мустаҳкам халқаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Хусусан, жорий йилнинг август ойида Миллий кинология маркази томонидан тайёрланган хизмат итлари Корея Республикасига экспорт қилинди.
Ташриф давомида делегация аъзолари “Яллама” чегара божхона пости ҳамда “Арқ-Булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постларига ҳам ташриф буюришди.
Мазкур постларда божхона назорати шакллари ва расмийлаштирув жараёнлари, пост фаолиятига жорий қилинган автоматлаштирилган ахборот тизимлари, мавжуд инспекцион кўрик мажмуалари фаолияти, юк ташувчилар ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун яратилган қулай шарт-шароитлар, шунингдек хавфларни бошқариш тизими билан ҳам яқиндан танишишди.
Танишув давомида божхона соҳасига жорий қилинган рақамлаштириш жараёнлари натижасида, аввало божхона назорати ва расмийлаштируви учун сарфланаётган вақтнинг кескин қисқарганлиги каби ютуқлар Кван Хйо Ко томонидан эътироф этилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг